Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 11800 марта ўқилди

Нотариал ҳаракатнинг мазмуни

Нотариус фуқаронинг тирик эканлиги фактини унинг шахсий илтимосига кўра ва бевосита иштирокида тасдиқлайди.

Бунинг учун фуқародан ёзма ариза олинади. Нотариал ҳаракат натижасида мурожаат қилувчига унинг тирик эканлиги фактини тасдиқловчи гувоҳнома берилади.

Фуқаронинг тирик эканлиги факти унинг иштирокисиз, телефон орқали берилган маълумот ёки бошқа шахснинг оғзаки мурожаати асосида тасдиқланмайди.

Зарур ҳужжатлар

Мурожаат қилувчи қуйидагиларни тақдим этади:

  • ёзма ариза;
  • паспорт, идентификация ID-картаси ёки шахсни тасдиқловчи бошқа ҳужжат;
  • зарур ҳолларда қонуний вакилнинг ваколатини тасдиқловчи ҳужжат.

Ўн олти ёшга тўлмаган шахснинг шахси туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома, унга ID-карта берилган бўлса — ID-карта асосида аниқланиши мумкин.

Чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг шахси миллий паспорт, яшаш гувоҳномаси ёки қонунчиликда тан олинган бошқа ҳужжат асосида аниқланади.

Вояга етмаган шахс бўйича тартиб

Вояга етмаган шахснинг тирик эканлиги факти унинг:

  • ота-онаси;
  • фарзандликка олувчиси;
  • васийси ёки ҳомийси;
  • уни ўз ҳомийлигига олган ташкилот

томонидан берилган ёзма илтимос асосида тасдиқланади.

Мурожаат қилувчи шахс ёки ташкилот вакили ўз ваколатини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этади. Вояга етмаган шахс нотариус ҳузурида бевосита иштирок этиши керак.

Хизмат учун тўлов

«Давлат божи тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ, алоҳида ставка белгиланмаган бошқа нотариал ҳаракат учун давлат божи базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 фоизи миқдорида ундирилади.

Ҳуқуқий тушунтириш бериш, ҳужжат лойиҳасини тайёрлаш, расмий бланк ва бошқа ҳуқуқий-техник ҳаракатлар учун белгиланган максимал ставкалар доирасида қўшимча ҳақ ундирилиши мумкин.

Тартиб «Нотариат тўғрисида»ги Қонун ва Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқнома билан белгиланган.

Chat