Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 7409 марта ўқилди

Аҳолининг ижтимоий ҳимоя олиш ҳуқуқларини таъминлаш ҳамда давлат ижтимоий ёрдами ва хизматларини кўрсатишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ҳукумат қарори (539-сон, 14.10.2023 й.) қабул қилинди.

Қарорга кўра, 2023 йил 15 октябрдан:

  • ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар “Инсон” ижтимоий хизматлар кўрсатиш марказлари томонидан тасдиқланган жадвал асосида бир йилда камида бир маротаба чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилади;
  • ижтимоий ходимларга фуқаролардан кам таъминланган оилалар болалари учун нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш бўйича аризаларни қабул қилиш ваколати берилади.

2024 йил 1 январдан I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсга ёки 18 ёшгача ногиронлиги бўлган болага, шунингдек, даволаш муассасасининг хулосасига кўра ўзгаларнинг парваришига муҳтож бўлган 80 ёшга тўлган қарияларга қараб туришнинг ҳақиқий ҳолатлари ижтимоий ходимлар томонидан бир йилда бир маротаба ўрганилади ва ўрганиш маълумотлари “Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” ахборот тизими орқали юритиб борилади.

2024/2025 ўқув йилидан Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан ўтказиладиган “Энг фаол ижтимоий ходим” кўрик танловининг вилоят босқичида ғолиб бўлган ижтимоий ходимлар давлат олий таълим муассасаларига “Ижтимоий иш” мутахассислиги бўйича тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинади.

2024 йил 1 июлдан моддий ёрдам ва бошқа ижтимоий хизматларни ҳисобга олишнинг ягона тизимини яратиш орқали ҳар бир фуқаро (оила) учун белгиланган ижтимоий тўловлар, тақдим этилган имтиёзлар, шу жумладан, субсидиялар, хизматлар ва ёрдамларнинг ҳар бир фуқаро кесимида “Ижтимоий ҳимоя” АТда ҳисоби юритилади, шунингдек, қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ очилган давлат жамғармалари ва бошқа жамғармалар интеграция қилинади.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан:

  • 2023 йил 1 ноябрдан ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар эксперимент тариқасида йўлга қўйиладиган туман (шаҳар)ларда “Инсон” ижтимоий хизматлар кўрсатиш марказларида оғир ҳаётий вазиятга тушган шахслар учун психологик ёрдам кўрсатиш тизими жорий этилади;
  • 2023 йил 15 ноябргача ўзининг тизимига кирадиган ташкилотларга тегишли бино ва иншоотларга ижтимоий ҳимоя йўналишидаги нодавлат нотижорат ташкилотларини, заруратга кўра, текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштириш чоралари кўрилади;
  • 2023 йил 1 декабргача тиббий-ижтимоий экспертизадан ўтказиш натижасига кўра ногиронлиги бўлган шахс учун соғлиғининг ҳолатига кўра мумкин бўлган меҳнат фаолияти турлари ва меҳнат шароитлари тўғрисидаги маълумотлар интеграцияси таъминланади;
  • 2024 йил 1 январгача ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолининг мурожаатларини тезкор кўриб чиқишга мўлжалланган “ишонч телефони” ишга туширилади.

 

Chat