Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 30399 марта ўқилди

Уюшманинг асосий вазифалари нималардан иборат?

Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси маҳаллаларнинг аҳоли билан давлат ўртасидаги «кўприк» сифатидаги ролини кучайтириш, маҳалла бошқарувида аҳолининг иштирокини кенгайтириш ва жойлардаги муаммоларни ҳал этишга кўмаклашиш мақсадида ташкил этилган. Уюшманинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бошқармалари, шунингдек туман ва шаҳар бўлимлари мавжуд.

Уюшманинг асосий вазифаларига:

  • маҳаллани жамоатчилик бошқаруви ва назоратининг таянч бўғинига айлантириш;
  • аҳолининг маҳалла бошқарувидаги иштирокини кучайтириш;
  • «маҳалла еттилиги» фаолиятини мувофиқлаштиришга кўмаклашиш;
  • маҳаллалардаги муаммоларни ҳал этишда давлат органлари ва ташкилотлари вакилларининг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш;
  • камбағал оилаларга ажратиладиган маблағларнинг манзилли йўналтирилишига кўмаклашиш;
  • маҳаллаларнинг моддий-техника таъминотини ва рақамлаштирилишини яхшилаш;
  • маҳалла масъулларининг малакасини ошириш киради.

«Маҳалла еттилиги»га кимлар киради?

«Маҳалла еттилиги» жамоатчилик асосида ҳамкорлик қиладиган қуйидаги масъуллардан иборат:

  • маҳалла раиси;
  • ҳоким ёрдамчиси;
  • ёшлар етакчиси;
  • хотин-қизлар фаоли;
  • профилактика инспектори;
  • ижтимоий ходим;
  • солиқ инспектори.

Ҳар бир аъзо ўз соҳаси бўйича аҳоли муаммоларини аниқлаш ва ҳал этишда иштирок этади. Жумладан, ижтимоий ходим оғир аҳволдаги шахс ва оилаларга ижтимоий хизматларни ташкил этади, солиқ инспектори эса тадбиркорларга солиқ хизматларини кўрсатиш ва маҳалла бюджети даромадларини шакллантиришда иштирок этади.

Ижтимоий ёрдам қандай ажратилади?

Жисмоний шахсларни «Темир дафтар», «Ёшлар дафтари» ва «Аёллар дафтари»га киритиш, шунингдек тегишли дафтарлар ва давлат жамғармалари орқали айрим ижтимоий ёрдамлар ҳамда субсидияларни ажратиш «маҳалла еттилиги»нинг коллегиал қарори асосида амалга оширилади.

Маҳаллаларга тегишли маблағларни тақсимлашда аҳоли сони, Ижтимоий реестрга киритилган оилалар сони ва ногиронлиги бўлган шахслар сони ҳисобга олинади.

«Маҳалла бюджети» қандай шаклланади?

Ҳар бир маҳаллада ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этиш жамғармаси мавжуд. Унинг маблағлари, жумладан:

  • жисмоний шахслардан ундирилган мол-мулк ва ер солиғининг белгиланган қисмидан — 10 фоиз;
  • маҳалла идоралари орқали кўрсатилган давлат хизматлари учун ундирилган йиғимнинг 10 фоизи;
  • 2026 йил 1 июлдан маҳалла ҳудудида санитария қоидаларини бузиш ва ноқонуний қурилиш учун ундирилган жарималарнинг 10 фоизи ҳисобидан шакллантирилади.
Chat