Савол: I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсга кресло-аравача керак. Уни давлат ҳисобидан олиш мумкинми?
Жавоб: Мумкин, агар шахснинг тегишли реабилитация воситасига муҳтожлиги белгиланган тиббий мезонларга мувофиқ тасдиқланса.
Ногиронлиги бўлган шахснинг протез-ортопедия мосламаси ёки реабилитация воситасига эҳтиёжи тиббий-ижтимоий экспертиза жараёнида тиббий кўрсатмалар асосида белгиланади. Эҳтиёж аниқланганда тегишли маълумотлар «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизимига юборилади ва реабилитация воситасини харид қилиш учун ваучер шакллантирилади.
Давлат томонидан кафолатланган реабилитация воситалари рўйхатида:
Ваучер шакллангандан кейин шахс «Ижтимоий ҳимоя» ахборот тизими орқали тегишли электрон савдо майдончасини ва ваучерда кўрсатилган восита турини танлаб, буюртма беради. Сотувчи буюртма қабул қилинганидан кейин етказиб бериш муддати ҳақида хабар беради, реабилитация воситаси эса яшаш манзилидаги топшириш пунктига 5 кундан ошмаган муддатда етказилиши керак.
Давлат маблағи ваучер қиймати доирасида қопланади. Агар фуқаро ваучер қийматидан қимматроқ моделни танласа, нархлар ўртасидаги фарқни ўзи тўлайди.
Эслатма: ногиронлик гуруҳининг ўзи муайян турдаги аравачани автоматик равишда олиш учун етарли эмас. Шахснинг айнан шу реабилитация воситасига муҳтожлиги белгиланган тиббий мезонлар асосида аниқланиши лозим.
Савол: Мен ишсизлик нафақасини олаяпман. Оилам давлатдан болалар нафақаси ёки моддий ёрдам ҳам олиши мумкинми?
Жавоб: Ишсизлик нафақасини олаётганликнинг ўзи болалар нафақаси ёки моддий ёрдамни автоматик равишда рад этиш учун асос эмас. 2026 йил 1 февралдан бу масала оиланинг Ижтимоий реестрда қайси тоифага киритилгани ва тегишли шартларга қараб ҳал қилинади. Аввалги рад этиш тартибини белгилаган 654-сон қарорнинг тегишли иловалари кучини йўқотган.
Агар оила «давлат таъминотидаги оила» тоифасига киритилган бўлса, болалар нафақаси ва моддий ёрдам оила аъзоларининг бандлик ҳолатидан қатъи назар, оила мазкур тоифада турган даврда ва қўшимча мурожаатсиз тўлаб борилади. Оиланинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати, қоида тариқасида, реестрга киритилганидан 12 ой ўтгач қайта баҳоланади.
Агар оила «камбағал оила» тоифасига киритилган бўлса, болалар нафақаси ёки моддий ёрдам дастлаб 6 ойга, меҳнатга лаёқатли оила аъзоларининг расмий бандлигини таъминлаш шарти билан тайинланади. Қонунчиликда банд бўлиш талаби қўлланилмайдиган шахслар бундан мустасно. Расмий бандлик таъминланса, тўлов қўшимча мурожаатсиз давом этади; шарт бажарилмаса, тўлов тўхтатилади.
«Камбағаллик чегарасидаги оила» тоифасида болалар нафақаси ёки моддий ёрдам 6 ой давомида тўланади. Оила аъзосига тўғри келадиган даромад минимал истеъмол харажатларининг 1 бараваридан 1,25 бараваригача бўлса белгиланган тўловнинг 75 фоизи, 1,25 бараваридан 1,5 бараваригача бўлса 50 фоизи тўланади.
Эслатма: ҳар бир бошқа нафақа, субсидия ёки ижтимоий ёрдам тури учун алоҳида шартлар бўлиши мумкин. Шу сабаб ишсизлик нафақасини олиш бошқа ҳар қандай давлат ёрдамини автоматик равишда олиш ҳуқуқини ҳам англатмайди.