Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 2896 марта ўқилди

Янги Конституцияда шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашини борасида қандай янгилик киритилди?

Биринчи марта Конституцияда қуйидагилар белгиланди:

1. Aсосий қонун “мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эга тўғридан-тўғри амал қилади ва ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкил этади”.

(Конституциянинг тўғридан-тўғри амал қилиши демократиянинг энг олий ифодаси бўлиб, унинг нормаларини самарали амалга ошириш механизмлари ва қоидаларини белгиловчи қонун ҳужжатлари қабул қилиниши ёки қабул қилинмаслигидан қатъи назар, қўлланилишини билдиради.)

2. “Ўзбекистон Республикасининг қонунлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси асосида ва уни ижро этиш юзасидан қабул қилинади”;

3. “Фуқаролар ва юридик шахслар, агар суд орқали ҳимоя қилишнинг бошқа барча воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, судда кўриб чиқилиши тугалланган муайян ишда суд томонидан ўзига нисбатан қўлланилган қонуннинг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисидаги шикоят билан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига мурожаат қилишга ҳақли” деган мазмундаги нормалар билан тўлдирилди.

Парламент текширув институти деганда нимани тушуниш лозим?

Мамлакатнинг хавфсизлиги, барқарор ривожланиши асосларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига, жамият ва давлат манфаатларигатаҳдид соладиган фактларни ёки воқеаларни ўрганиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма қарори билан парламент текшируви ўтказилиши мумкин.

Парламент текширувини ўтказиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари орасидан  тенглик асосида махсус комиссия тузилиб, у ўз фаолиятини қонунга мувофиқ амалга оширади.


Хокимларнинг ваколатларига оид Конституцияда қўшимча киритилдими?

Илк маротаба Конституцияда вилоят, туман ва шаҳар хокимларининг ваколатлари аниқ белгиланди, шулар қаторида:

  1. Ўзбекистон Республикаси қонунларини ва Олий Мажлис палаталарининг қарорларини, Президент фармонлари, қарорлари ҳамда фармойишларини, Вазирлар Маҳкамасининг қарорларини, юқори турувчи органлар қарорларини, шунингдек халқ депутатлари тегишли Кенгаши қарорларини ижро этиш; 
  2. ҳудудларни иқтисодий, ижтимоий, маданий ва экологик жиҳатдан ривожлантиришни таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш; 
  3. маҳаллий бюджетни шакллантириш ва ижро этиш ва бошқалар.

Конституциявий ислоҳотларнинг устувор йўналишлари нимадан иборат?

Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш кафолатлари, шу жумладан “хабеас корпус” ва “Миранда қоидаси” умумэътироф этилган институтларини конституциявий даражада мустаҳкамлаш орқали сезиларли кучайтирилди.

Хусусан, илк маротаба Асосий қонунда қуйидагилар белгиланди:
  • айбдорликка оид барча шубҳалар, агар уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг ёки маҳкумнинг фойдасига ҳал қилиниши керак. Бу, ўз навбатида, энг муҳим бўлган “айбсизлик презумпцияси” принципининг амалда рўёбга чиқарилишининг кафолати ҳисобланади;
  • гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаши шарт эмас ва исталган вақтда сукут сақлаш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкин;
  • ҳеч ким ўзига ва яқин қариндошларига қарши гувоҳлик беришга мажбур эмас. Бунда, Конституцияда қуйидагилар аниқ белгиланмоқда: агар шахснинг ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмас;
  • ҳибсга олишга, қамоққа олишга ва қамоқда сақлашга фақат суднинг қарорига кўра йўл қўйилади. Шахс суднинг қарорисиз 48 соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмас
  • ҳар ким ёзишмалари, телефон орқали сўзлашувлари, почта, электрон хабарлари ҳамда бошқа хабарлари сир сақланиши ҳуқуқига эга. Ушбу ҳуқуқнинг чекланишига фақат қонунга  мувофиқ ва суднинг қарорига асосан йўл қўйилади;
  • ҳеч ким уй-жойга унда яшовчи шахсларнинг хоҳишига  қарши кириши мумкин эмас. Уй-жойга киришга, шунингдек, унда олиб қўйишни ва кўздан кечиришни ўтказишга фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда  йўл қўйилади. Уй-жойда тинтув ўтказишга фақат қонунга мувофиқ ва суднинг қарорига асосан йўл қўйилади;
  • шахс суднинг қарорисиз қирқ саккиз соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмас, шахсни  ушлаш чоғида унга тушунарли тилда унинг ҳуқуқлари ва ушлаб турилиши асослари тушунтирилиши шарт;
  • озодликдан маҳрум этилган шахслар ўзига нисбатан инсоний муомалада бўлиниши ҳамда инсон шахсига хос бўлган шаъни ва қадр-қиммати ҳурмат қилиниши ҳуқуқига эга;
  • шахснинг судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлиши мумкин эмас.

Ҳар ким ўз шахсига доир маълумотларни ҳимоя қилиш, шунингдек, нотўғри маълумотларнинг тузатилишини, ўзи тўғрисида қонунга хилоф йўл билан тўпланган ёки ҳуқуқий асосларга эга бўлмай қолган маълумотларнинг йўқ қилинишини талаб қилиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланди.

Ҳар бир шахс жиноят процессининг ҳар қандай босқичида, шахс ушланганида эса унинг ҳаракатланиш эркинлиги ҳуқуқи амалда чекланган пайтдан эътиборан ўз танловига кўра адвокат ёрдамидан фойдаланиш ҳуқуқига эга эканлиги кафолатланди. Ҳуқуқбузарликлардан жабрланганларнинг ҳимояланиши, одил судловдан фойдаланишини таъминлаш ва уларга етказилган зарарнинг ўрни қопланиши учун шарт-шароитлар яратишнинг давлат кафолатлари кучайтирилди.

Ҳар кимнинг ўз ҳуқуқ ва эркинликларини қонунда тақиқланмаган барча усуллар билан ҳимоя қилиш ҳуқуқи белгиланди.

Ҳар кимга бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш учун унинг иши қонунда белгиланган муддатларда ваколатли, мустақил ҳамда холис суд томонидан кўриб чиқилиши ҳуқуқи кафолатланади.

Ҳар кимга Ўзбекистон Республикасининг қонунчилиги ва халқаро шартномаларига мувофиқ, агар давлатнинг ҳуқуқий ҳимояга доир барча ички имкониятлардан фойдаланиб бўлинган бўлса, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи халқаро органларга мурожаат этиш конституциявий ҳуқуқи берилди.

Конституциянинг янги тахририга асосан қонунлар қабул қилинишини процедураси қандай тартибда амалга оширилади?

Қонун Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, Сенат томонидан маъқулланиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзолангач ва қонунда белгиланган тартибда расмий манбаларда эълон қилингач, юридик кучга эга бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган қонун қабул қилинган кундан эътиборан 10 кундан кечиктирмай Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига юборилади.

Қонун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан 60 кун ичида кўриб чиқилади ва маъқулланган тақдирда, имзоланиши ва эълон қилиниши учун Ўзбекистон Республикаси Президентига 10 кундан кечиктирмай юборилади.

Агар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қонунни маъқуллаш ёки рад этиш тўғрисида 60 кун ичида қарор қабул қилмаса, Қонунчилик палатаси томонидан қонун имзоланиши ва эълон қилиниши учун Ўзбекистон Республикаси Президентига юборилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти қонунни 60 кун ичида имзолайди ва эълон қилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан рад этилган қонун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига қайтарилади.

Агар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан рад этилган қонунни қайта кўриб чиқишда Қонунчилик палатаси депутатлар умумий сонининг 2/3 қисмидан иборат кўпчилик овози билан қонунни яна маъқулласа, қонун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан қабул қилинган ҳисобланади ҳамда имзоланиши ва эълон қилиниши учун Ўзбекистон Республикаси Президентига Қонунчилик палатаси томонидан юборилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан рад этилган қонун юзасидан Қонунчилик палатаси ва Сенат юзага келган келишмовчиликларни бартараф этиш учун Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари орасидан тенглик асосида келишув комиссиясини тузиши мумкин. Палаталар келишув комиссияси таклифларини қабул қилганда қонун одатдаги тартибда кўриб чиқилиши керак.

Ўзбекистон Республикаси Президенти қонунни ўз эътирозлари билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига қайтаришга ҳақли.

Агар қонун аввалги қабул қилинган таҳририда тегишинча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари умумий сонининг камида 2/3 қисмидан иборат кўпчилик овози билан маъқулланса, қонун Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 14 кун ичида имзоланиши ва эълон қилиниши керак.
Қонунларнинг ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг эълон қилиниши улар қўлланилишининг мажбурий шартидир.

Chat