Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 12441 марта ўқилди

ННТнинг таъсис ҳужжатлари нималардан иборат?

Нодавлат нотижорат ташкилотининг асосий таъсис ҳужжати — унинг устави.

Уюшма ёки иттифоқ шаклидаги ННТ учун таъсис ҳужжатлари таъсис шартномаси ва уставдан иборат бўлади. Таъсис ҳужжатларида ННТнинг мақсад ва вазифалари, тузилмаси, бошқарув органлари, мол-мулкни шакллантириш манбалари, қайта ташкил этиш ва тугатиш тартиби каби асосий масалалар белгиланади.

ННТни давлат рўйхатидан ўтказиш учун нима тақдим этилади?

Рўйхатдан ўтказувчи адлия органига ариза билан бирга, асосан:

  • устав ёки тегишли ҳолларда низом;
  • уюшма ёки иттифоқ учун таъсис шартномаси;
  • ННТни ташкил этиш ҳақидаги таъсис съезди, конференция ёки умумий йиғилиш баённомаси ёхуд таъсисчининг қарори;
  • қонунчиликда ННТнинг тегишли ташкилий-ҳуқуқий шакли учун назарда тутилган бошқа ҳужжатлар тақдим этилади. ННТ турига қараб қўшимча ҳужжатлар талаб қилиниши мумкин.

Давлат ижтимоий буюртмаси қандай берилади?

Давлат ижтимоий буюртмаси социал ва ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳани амалга ошириш учун давлат органи ва фуқаролик жамияти институти ўртасида шартнома асосида бериладиган давлат топшириғидир.

У Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди ва унинг алоҳида бўлинмалари орқали ёки бевосита давлат органлари томонидан берилиши мумкин. Жамоат фонди орқали буюртма берилганда давлат органи, фуқаролик жамияти институти ва Жамоат фонди ўртасида уч томонлама шартнома тузилади.

ННТни қайси орган давлат рўйхатидан ўтказади?

Ўзбекистонда фаолият юритаётган халқаро ННТлар, бош ташкилоти чет элда жойлашган халқаро ва чет эл ННТларининг ваколатхона ва филиаллари ҳамда республика ННТлар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилади.

Ҳудудий ННТлар Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаларида рўйхатдан ўтказилади.

Давлат субсидияси нима ва уни олиш учун қаерга мурожаат қилинади?

Давлат субсидияси — социал ва ижтимоий аҳамиятга молик фаолиятни амалга ошираётган фуқаролик жамияти институтларига бериладиган ва аниқ бир лойиҳа билан боғлиқ бўлмаган молиявий ёки бошқа моддий кўмак.

Давлат субсидиясини олиш учун Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фондига буюртма билан мурожаат қилинади. Субсидияларни ажратиш тартиби ва шартлари Олий Мажлис палаталари томонидан белгиланади.

Chat