Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 20728 марта ўқилди

Ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни аниқлаш, уларга ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари томонидан амалга оширилади.


Ушбу шахслар тўғрисидаги реестр «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизимида юритилади.

Реестрга киритиш ва эҳтиёжларни баҳолаш

Ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни аниқлаш ҳамда уларнинг мурожаатларини қабул қилиш маҳалла даражасида амалга оширилади.

«Инсон» ижтимоий хизматлар маркази:

  • шахснинг ўзгалар парваришига муҳтожлик даражасини баҳолайди;
  • унга зарур бўлган ижтимоий хизматлар ва ёрдам турларини белгилайди;
  • индивидуал ижтимоий хизматлар режасини тасдиқлайди;
  • яшаш шароитини ушбу режага мувофиқ мослаштириш чораларини кўради.

Реестрга киритилган шахслар ҳақидаги маълумотлар тегишли ижтимоий хизмат ва ёрдамларни кўрсатиш учун давлат органларига электрон тарзда тақдим этилади.

Ижтимоий хизмат кўрсатиш шартномаси

Реестрга киритилган ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга давлат томонидан кафолатланган ижтимоий хизматлар ва ёрдам ижтимоий хизмат кўрсатиш шартномаси асосида кўрсатилади.

Хизматларнинг тури, ҳажми, муддати ва уларни кўрсатиш тартиби шахснинг эҳтиёжлари асосида тузилган индивидуал ижтимоий хизматлар режасида белгиланади.

Йўқотилган паспорт ёки ID-картани тиклаш

Ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг йўқотилган биометрик паспортлари ёки идентификация ID-карталари улар реестрга киритилгунига қадар «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази буюртмаси асосида давлат божи ундирилмаган ҳолда алмаштириб берилади.

Бепул транспорт чипталари

Реестрга киритилган ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга, шунингдек уларга бевосита ҳамроҳлик қилувчи бир нафар шахсга бир йилда бир марта:

  • темир йўл транспортида;
  • ёки шаҳарлараро автобусда

бориш ва қайтиш учун бепул чипта ажратилади.

Ҳар ойлик моддий ёрдам

Реестрга киритилган ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга уй-жой-коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича компенсация ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари ва шахсий гигиена товарлари учун қўшимча пул тўловлари ўрнига ҳар ойда минимал истеъмол харажатлари миқдорида моддий ёрдам берилади.

Мазкур моддий ёрдам:

  • ёлғиз яшовчи кексаларга;
  • ёлғиз яшовчи ногиронлиги бўлган шахсларга

татбиқ этилмайди.

Ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказларидаги хизматлар

Ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказларида ўзгалар парваришига муҳтож кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга шартнома асосида:

  • мобиль ижтимоий хизматлар;
  • кундузги қатнов шаклидаги хизматлар;
  • қисқа муддатли ижтимоий ва реабилитация хизматлари;
  • узоқ муддатли ижтимоий ва реабилитация хизматлари

кўрсатилади.

Ушбу хизматлар 2025 йил 1 июлдан бошлаб республиканинг барча ҳудудларидаги Ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказларида йўлга қўйилган.

Марказларда истиқомат қилувчи шахсларга эҳтиёжи ва хоҳишига кўра:

  • қисқа ёки узоқ муддат қолиш;
  • муассасадан мустақил ҳаётга чиқиш;
  • ижтимоий-меҳнат реабилитациясида иштирок этиш;
  • ўз хоҳишига кўра меҳнат фаолияти билан шуғулланиш

имконияти яратилади.

Хизматлар сифатини мониторинг қилиш

Ижтимоий хизматлар сифати ва индивидуал ижтимоий хизматлар режасининг натижалари ҳар олти ойда бир марта:

  • «Инсон» маркази ходими;
  • оилавий шифокор;
  • фуқаролар йиғини раиси

томонидан мониторинг қилинади.

Мониторинг жараёнида хизматларнинг муддати, натижаси, сифати, самарадорлиги ва хавфсизлиги, шунингдек хизмат олувчининг қониқиш даражаси баҳоланади.

Chat