Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 18628 марта ўқилди

Давлат грантининг турлари

Олий таълим ташкилотларида давлат гранти:

ижтимоий-рағбатлантирувчи грант;

таълим гранти шаклида ажратилади.

Ижтимоий-рағбатлантирувчи грант қонунчиликда белгиланган имтиёзларга эга бўлган, мақсадли қабул доирасида ёки бошқа махсус асослар бўйича грант олган талабаларга, қоида тариқасида, бутун ўқиш даври учун берилади.

Таълим гранти эса биринчи курсда кириш имтиҳонларида юқори натижа кўрсатган абитуриентларга бир ўқув йили учун ажратилади.

Таълим гранти — талабанинг ўқиш харажатларини давлат маблағлари ҳисобидан тўлиқ ёки қисман қоплаш шакли.

Тўлиқ ва тўлиқ бўлмаган грант

Иккинчи ва кейинги курсларда таълим гранти икки шаклда ажратилади:

тўлиқ таълим гранти — бир ўқув йили учун ўқиш харажатининг 100 фоизи давлат томонидан қопланади ва талаба умумий тартибда стипендия олади;

тўлиқ бўлмаган таълим гранти — бир ўқув йили учун тўлов-контракт суммасининг 50 фоизи давлат томонидан қопланади, аммо умумий тартибдаги стипендия тўланмайди.

Тўлиқ таълим грантлари сони базавий грант ўринларининг камида 50 фоизини ташкил этиши керак. Тўлиқ ва тўлиқ бўлмаган грантларнинг ўзаро нисбати ўқув йили якунланишидан камида 6 ой олдин ОТМ расмий сайтида эълон қилинади.

Эслатма: 1-курсда давлат грантига кирган талаба грантни автоматик равишда бутун ўқиш даврига сақлаб қолмайди. 2-курсдан бошлаб таълим гранти ҳар йили қайта тақсимланади.

Грантни қайта тақсимлаш

Иккинчи ва кейинги курсларда таълим гранти учун талабгорнинг жорий ўқув йилидаги GPA кўрсаткичи камида 3,5 бўлиши шарт.

GPA 3,5 дан паст бўлган талаба грантни қайта тақсимлаш танловида иштирок эта олмайди.

Танловда максимал 100 балл тўплаш мумкин:

— академик ўзлаштириш — 80 баллгача;

— ижтимоий фаоллик — 20 баллгача.

Академик натижалар HEMIS тизими орқали шакллантирилади. Ижтимоий фаоллик эса белгиланган мезонлар бўйича алоҳида комиссия томонидан баҳоланади.

Натижалар ва апелляция

Талабгорларни баҳолаш натижалари ОТМнинг расмий веб-сайтида эълон қилиб борилади.

Натижадан норози талаба ҳар бир кўрсаткич эълон қилинганидан кейин 48 соат ичида электрон апелляция бериши мумкин. Апелляция 3 кун ичида кўриб чиқилади.

Грант олувчиларнинг якуний рўйхати ОТМ кенгаши томонидан 20 августга қадар тасдиқланади ва 25 августга қадар расмий веб-сайтда эълон қилинади.

3 йил ишлаб бериш мажбурияти

Таълим гранти асосида ўқиган талабалар учун ўқишни тамомлагандан кейин камида 3 йил ишлаб бериш мажбурияти бекор қилинган.

Бу талаб ижтимоий-рағбатлантирувчи грант ёки қонунчиликда алоҳида мажбурият назарда тутилган махсус дастурларга автоматик равишда татбиқ этилмайди.

Chat