Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 9400 марта ўқилди

Маркировкани ўқиш қурилмасини сотиб олиш учун қандай имтиёз бор?

Рақамли маркировкаланган маҳсулотларни чакана сотувчи тадбиркорлик субъектлари 2027 йил 1 январга қадар маркировкани ўқиш қурилмаларини сотиб олиш харажатлари ҳисобига тўланиши лозим бўлган фойда солиғи ёки айланмадан олинадиган солиқни, якка тартибдаги тадбиркорлар эса жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини камайтириш ҳуқуқига эга.

Камайтириладиган сумма ҳар бир қурилма учун 4 БҲМдан ошмаслиги керак.

Қайси импорт ускуналари божхона божидан озод?

Мажбурий рақамли маркировкаланиши лозим бўлган маҳсулотларни маркировкалаш учун импорт қилинадиган, ТИФ ТН кодлари 7616 999 009, 9029 900 009, 8544 499 500 ва 8528 529 000 бўлган ускуналар 2027 йил 1 июнга қадар божхона божидан озод қилинган.

Чакана савдода маркировкани ўқиш қурилмаси шартми?

Рақамли маркировкаланган маҳсулотларни чакана сотувчи тадбиркорлар онлайн назорат-касса машинаси ёки виртуал кассага уланган, штрих-код ва рақамли маркировка кодларини тўғри ўқийдиган 2D-сканер, маълумот йиғиш терминали ёки бошқа махсус қурилмадан фойдаланиши шарт.

Мажбурий рақамли маркировкаланадиган маҳсулотларни чакана ёки улгуржи сотувчи корхоналар «Asl belgisi» маҳсулотларни маркировкалаш ва кузатиб бориш миллий ахборот тизимига уланиши лозим.

Маркировкаланган маҳсулот қурилмасиз сотилгани солиқ органлари ахборот тизими орқали аниқланса, тадбиркор шахсий кабинети орқали огоҳлантирилади. Икки марта огоҳлантирилгандан сўнг қоидабузарлик бир ой ичида яна такрорланса, солиқ текшируви тайинланиши мумкин.

Пиво ва тамаки маҳсулотлари чакана савдосида қандай тартиб бор?

Пиво маҳсулотларининг чакана савдоси ваколатли органни хабардор қилиш тартибида амалга оширилади. Тамаки ва пиво маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш ҳуқуқи учун ҳар ой 10 фоиз БҲМ миқдорида йиғим тўланади.

Chat