Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 9394 марта ўқилди

Қўл юки

Қўл юки — ўрам туридан қатъи назар:

  • енгил кўтариб юриладиган;
  • уч ўлчови йиғиндиси 180 сантиметрдан ошмайдиган;
  • вазни, қоида тариқасида, 36 килограммдан ошмайдиган;
  • йўловчи вагонида махсус ажратилган жойга қийинчиликсиз жойлашадиган буюмлардир.

Икки ўринли ётоқ купели вагонларда 50 килограммгача қўл юки олиб кириш мумкин.

Багаж ва юк багажи

Багаж — йўловчига шахсан тегишли бўлган, сафар тугагач унга зарур бўладиган ва чипта асосида багаж вагонида ташишга қабул қилинган буюмлар.

Юк багажи — йўловчи ташиш, почта-багаж ёки махсус багаж вагонларида ташиладиган темир йўл ташиш объектларидир.

Қўл юки учун йўловчининг ўзи, ташишга топширилган багаж ва юк багажи учун эса ташиш ҳужжатлари расмийлаштирилганидан кейин ташувчи белгиланган доирада жавобгар бўлади.

Чекланган миқдорда ташиладиган буюмлар

Эҳтиёт чораларига риоя қилинган ҳолда қуйидагиларни чекланган миқдорда олиб ўтиш мумкин:

  • сирка — бир йўловчига 0,5 литргача;
  • хизмат мақсадидаги спирт — корхона маълумотномаси асосида, герметик ва тамғаланган идишда 2 литргача;
  • газли зажигалка ва унинг газ баллончаси — бир йўловчига 2 тагача;
  • фиксаторсиз буклама йўл ёки қайирма пичоқ;
  • симобли тиббий термометр — 1 дона;
  • стандарт ғилофдаги симобли тонометр — 1 дона;
  • махсус герметик контейнердаги барометр ёки манометр;
  • белгиланган талабларга мувофиқ қадоқланган косметика воситалари.

Муҳим: буюмни олиб ўтишга рухсат берилгани уни поездда истеъмол қилиш мумкинлигини англатмайди. Темир йўл йўловчи транспортида алкоголли ичимлик истеъмол қилиб маст ҳолатда бўлиш тақиқланади.

Кўздан кечириш

Вокзалнинг назорат ҳудудига киришдан олдин йўловчи, унинг қўл юки ва багажи махсус техник воситалар орқали кўздан кечирилади. Кўрик, қоида тариқасида, буюм эгасининг иштирокида амалга оширилади.

Муҳим: бошқа шахслар ташиш учун берган, ичида нима борлиги номаълум бўлган жўнатма, пакет ёки тугунларни қабул қилмаслик лозим.

Ташиш қоидалари Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 13 апрелдаги 109-сон қарори, хавфсизлик назорати ва тақиқланган буюмлар рўйхати эса 2023 йил 17 апрелдаги 159-сон қарор билан белгиланган.

Chat