Жисмоний ва юридик шахслар йўл ҳаракати қоидалари бузилиши бўйича:
Электрон мурожаат Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан кўриб чиқилади.
Мурожаат этувчи Ягона интерактив давлат хизматлари порталида OneID орқали рўйхатдан ёки авторизациядан ўтади ва электрон сўровномани тўлдиради.
Сўровномада мурожаат этувчи, транспорт воситаси, қарор ёки хабарнома ҳамда мурожаатнинг сабаблари кўрсатилади. Қарор нотўғри эканини тасдиқловчи фото, видео, ҳужжатлар ва бошқа далилларни илова қилиш мумкин.
Масалан, қоидабузарлик содир этилган вақтда транспорт воситасини бошқа шахс бошқарган бўлса, бу ҳолатни тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилиши мумкин.
Сўровнома юборилишидан олдин маълумотларнинг тўғрилиги текширилиши зарур. Агар мурожаат этувчи ҳақидаги маълумотлар нотўғри ёки тўлиқ бўлмаса, ваколатли орган 1 иш кунида камчиликларни бартараф этиш ҳақида хабарнома юборади. Камчиликларни тузатиш учун 3 иш куни берилади.
Ваколатли орган мурожаатни ва илова қилинган далилларни ўрганиб, жавоб хатини ЯИДХП орқали 10 кун ичида юборади.
Мурожаат қилиш учун алоҳида тўлов ундирилмайди. Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги қарор устидан шикоят қилувчи шахс давлат божидан озод этилади.
Электрон мурожаат кўриб чиқилаётган вақтда жаримани чегирма билан тўлаш учун белгиланган муддат тўхтатиб турилмайди.
Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги қарор устидан шикоят қарор нусхаси олинган кундан бошлаб 10 кун ичида берилиши мумкин.
Муддат узрли сабаб билан ўтказиб юборилган бўлса, уни тиклаш ҳақида илтимоснома бериш ва узрли сабабни тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиш мумкин.
Электрон мурожаат натижасидан норози шахс қарор қабул қилган ходимнинг хатти-ҳаракатлари ёки қабул қилинган қарор устидан қонунчиликда белгиланган тартибда юқори турувчи органга ёки ваколатли судга шикоят қилиш ҳуқуқига эга.