Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 13467 марта ўқилди

Қаерга мурожаат қилиш мумкин?

Ногиронликни белгилаш масаласи бўйича фуқаро ёки унинг қонуний вакили ўзига қулай усулда:

  • оилавий шифокор ёки тиббиёт муассасасига;
  • «Инсон» ижтимоий хизматлар марказига;
  • ижтимоий ходимга;
  • Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилиши мумкин.

Мурожаат асосида фуқаронинг соғлиғи ҳолати ўрганилади. Зарур тиббий текширувлар ва даволаш чоралари ўтказилгандан сўнг оилавий шифокор тегишли тиббий ҳужжатларни электрон шаклда Тиббий-ижтимоий эксперт комиссиясига (ТИЭК) юборади.

ТИЭКка йўллаш учун қанча даволаниш керак?

Ногиронликни белгилаш учун фуқаро барча касалликларда бир хил муддат — масалан, 4 ёки 6 ой даволаниши шарт деган умумий талаб бекор қилинган.

Даволаниш давомийлиги ва ўтказилиши зарур бўлган минимал тиббий текширувлар касалликнинг тури ва фуқаронинг ҳолатидан келиб чиқиб индивидуал белгиланади.

Агар ТИЭКка юбориш учун етарли тиббий асос бўлмаса, бу ҳақда фуқарога рад этиш сабаблари кўрсатилган хабар юборилади.

ТИЭК кўриги қандай ўтказилади?

ТИЭК ногиронликни белгилашда фуқаронинг нафақат тиббий ҳужжатларини, балки унинг функционал имкониятлари ва кундалик ҳаёт фаолиятидаги чекловларини ҳам ҳисобга олади.

Йўлланма ТИЭКка келиб тушгандан сўнг у, қоида тариқасида, 2 иш куни ичида кўриб чиқилади. Фуқаро соғлиғи сабабли ТИЭКка бора олмаса, кўрик унинг уйида ёки даволанаётган стационар тиббиёт муассасасида ўтказилиши мумкин.

Ихтисослаштирилган ТИЭКлар тугатилган бўлиб, ногиронлик масалалари туманлараро ҳамда туман (шаҳар) ТИЭКлари томонидан кўриб чиқилади.

Натижа қандай расмийлаштирилади?

Белгиланган мезонлар мавжуд бўлса, ногиронлик гуруҳи, унинг сабаби ва муддати, ўзгалар парваришига эҳтиёж, реабилитация чоралари ҳамда протез-ортопедия воситаларига эҳтиёж тўғрисидаги маълумотлар электрон ахборот тизимида шакллантирилади.

Фуқаро мурожаатни Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали берган бўлса, жараён натижалари унинг шахсий кабинети орқали ҳам тақдим этилади.

Chat