Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 11028 марта ўқилди

Реимбурсация дастури нима?

Реимбурсация дастури — айрим касалликларни амбулатория шароитида даволаш учун зарур бўлган дори воситаларини аҳолига бепул бериш, уларнинг қийматини эса Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси томонидан дорихонага қоплаб бериш тизимидир.

Дастур доирасида фақат белгиланган рўйхатга киритилган дори воситалари берилади.

Электрон рецептни ким ёзади?

Реимбурсация дастури бўйича рецептни Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси билан шартнома тузган бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасасининг шифокори расмийлаштиради.

Рецепт ахборот тизимида электрон шаклда яратилади.

Бир ташхис бўйича беморга бир вақтнинг ўзида 3 тагача дори воситаси тайинланиши мумкин. Сурункали касалликларда бир электрон рецептдаги даволаш курси 1 ойдан ошмаслиги керак.

Электрон рецепт расмийлаштирилган кундан бошлаб 7 календарь кун амал қилади. Реимбурсация дастурига кирган дори воситаси Жамғарма билан шартнома тузган дорихонада рецепт асосида бепул берилади.

Дорихонадан дори қандай олинади?

Электрон рецепт тасдиқланганидан кейин беморга, унинг қонуний вакилига ёки зарур ҳолда патронаж ҳамширасига рецептнинг рақами ва санаси ҳақида SMS-хабар юборилади.

Дорихонада рецепт рақами айтилади. Дорини бериш жараёнида тизим орқали махсус тасдиқлаш коди юборилади. Код дорихона ахборот тизимига киритилгандан кейин тегишли дори воситаси берилади ва рецепт бажарилган деб ёпилади.

Бемордан реимбурсация доирасида қопланадиган дори учун алоҳида тўлов талаб қилинмайди — белгиланган қиймат дорихонага Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси томонидан қопланади.

Қайси дорилар берилади?

Дастур доирасида бериладиган дори воситаларининг рўйхати Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси билан келишилган ҳолда белгиланади.

Шу сабабли шифокор беморга унинг ташхиси ва тиббий кўрсатмаларидан келиб чиқиб, реимбурсация рўйхатида мавжуд препаратни тайинлайди.

Chat