Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 3502 марта ўқилди

1. Ушлаш сабаблари ва ҳуқуқлар тушунтирилиши шарт

Шахс ушланганида унга тушунарли тилда:

  • нима сабабдан ушлангани;
  • қандай ҳуқуқларга эгалиги;
  • нимада гумон қилинаётгани тушунтирилиши шарт.

Шахс адвокат чақириш, яқинларига хабар бериш ва сукут сақлаш ҳуқуқига эга.

2. Шахс ўз айбсизлигини исботлаши шарт эмас

Айбловни исботлаш вазифаси гумон қилинувчи ёки айбланувчига эмас, жиноий таъқибни амалга ошираётган органларга юкланади.

Шахсни ўз айбсизлигини исботлашга, далил келтиришга ёки кўрсатма беришга мажбурлаш мумкин эмас.

3. Барча бартараф этиб бўлмайдиган шубҳалар шахс фойдасига ҳал қилинади

Далиллар айбни ишончли тасдиқламаса ва шубҳаларни бошқа қонуний воситалар билан бартараф этиш имкони қолмаса, улар шахс фойдасига ҳал қилиниши керак.

Бу қоида гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи ва маҳкумга нисбатан татбиқ этилади.

4. Фақат айбни тан олиш етарли далил эмас

Шахснинг ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлса, уни айбдор деб топиш ёки жазога тортиш мумкин эмас.

Айб бошқа қонуний, мақбул ва ишончли далиллар мажмуи билан тасдиқланиши керак.

5. Ўзига ва яқин қариндошларига қарши гувоҳлик бериш мажбурий эмас

Ҳеч ким:

  • ўзига;
  • эрига ёки хотинига;
  • яқин қариндошларига қарши гувоҳлик беришга мажбур эмас.

Ушбу ҳуқуқдан фойдаланиш айбни тан олиш ёки терговдан бўйин товлаш сифатида баҳоланмаслиги керак.

6. Суд қарорисиз 48 соатдан ортиқ ушлаб туриш мумкин эмас

Шахс суд қарорисиз 48 соатдан ортиқ ушлаб турилиши мумкин эмас.

Ушбу муддат тугагунга қадар шахс озод қилиниши ёки қамоққа олиш ҳақидаги масала суд томонидан ҳал қилиниши лозим.

7. Қамоққа олишга фақат суд қарори билан йўл қўйилади

Ҳибсга олиш, қамоққа олиш ва қамоқда сақлашга фақат суд қарори асосида йўл қўйилади.

Суд:

  • гумоннинг асослилигини;
  • эҳтиёт чорасининг зарурлигини;
  • енгилроқ чорани қўллаш мумкинлигини баҳолаши керак.

8. Хабарлар ва уй-жой дахлсизлиги суд томонидан ҳимоя қилинади

Ёзишмалар, телефон сўзлашувлари, почта, электрон ва бошқа хабарлар сирини чеклашга фақат қонунга мувофиқ ва суд қарори асосида йўл қўйилади.

Уй-жойда тинтув ҳам суд қарори асосида, қонунда белгиланган тартибда ўтказилади.

9. Малакали юридик ёрдам кафолатланади

Ҳар ким адвокат танлаш ва унинг ёрдамидан фойдаланиш ҳуқуқига эга.

Қонунда назарда тутилган ҳолларда юридик ёрдам давлат ҳисобидан кўрсатилади.

Ҳуқуқлар бузилса, шахс адвокат орқали прокурорга, судга ёки юқори турувчи органга шикоят қилиши мумкин.

Chat