Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 4599 марта ўқилди

Сурхондарёда “ГАИ” ходими пора олаётганда қўлга тушди | Qalampir.uz

Автомобиль қайси асосларда тўхтатилиши мумкин?

Йўл-патруль хизмати ходими транспорт воситасини фақат қонунчиликда белгиланган асослар мавжуд бўлганда тўхтатиши мумкин. Бундай асосларга, жумладан:

  • ҳайдовчининг Йўл ҳаракати қоидаларини бузгани визуал кузатувда аниқланганда ёки махсус мослама орқали қайд этилганда;
  • транспорт воситаси, ҳайдовчи ёки йўловчи қидирувда экани ёки ЙТҲ ёхуд бошқа ҳуқуқбузарликка алоқадорлиги ҳақида маълумот мавжуд бўлганда;
  • ЙТҲ ёки ҳуқуқбузарликни кўрган ҳайдовчи ёки йўловчидан ҳолатга ойдинлик киритиш зарур бўлганда;
  • ваколатли орган ёки мансабдор шахснинг ҳаракатни чеклаш ёки тақиқлаш ҳақидаги кўрсатмаси бажарилаётганда;
  • қонунчиликда белгиланган ҳолларда транспорт воситасидан фойдаланиш зарурати туғилганда;
  • махсус тадбир ўтказилаётганда;
  • транспорт воситасини бошқариш ва ундан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлар, транспорт воситаси ёки ташилаётган юкка оид ҳужжатлар мавжудлигини текшириш зарур бўлганда киради.

Бошқа асосларга кўра транспорт воситасини тўхтатиш тақиқланади.

ЙПХ ходими тўхтатгандан кейин нима қилиши керак?

Транспорт воситаси тўхтатилгандан кейин ЙПХ ходими ҳайдовчининг олдига бориб:

  • ўзини таништириши;
  • лавозими, унвони ва фамилиясини айтиши;
  • талаб қилинса, кўкрак нишон белгисини маълум қилиши;
  • хизмат гувоҳномасини очиқ ҳолда кўрсатиши;
  • транспорт воситаси нима сабабдан тўхтатилганини аниқ ва тушунарли баён қилиши керак. Хизмат гувоҳномаси кўрсатилади, лекин ҳайдовчининг қўлига берилиши шарт эмас.

ЙПХ ходими хизмат вазифаларини мобиль видеокамерадан фойдаланган ҳолда ошкора олиб бориши ҳамда йўл ҳаракати қатнашчисига видеокамерадан фойдаланаётганини маълум қилиши шарт.

Ҳайдовчи автомобилдан тушиши шартми?

Қоида тариқасида, ҳайдовчи ЙПХ ходими билан транспорт воситаси кабинасидан чиқмасдан мулоқот қилиш ҳуқуқига эга.

Бироқ Низомда назарда тутилган айрим ҳолларда, масалан транспорт воситасидаги техник носозликни бартараф этиш, мастликка асосли шубҳа бўлиши, двигатель ёки агрегат рақамларини солиштириш, ҳужжатлар ёки юкни текшириш зарурати, ҳайдовчи ёки йўловчи жиноят содир этганликда гумон қилиниши каби ҳолатларда ҳайдовчидан транспорт воситасидан чиқиш талаб қилиниши мумкин.

«Махсус тадбир» деб тўхтатилса, уни текшириш мумкинми?

Ҳа. Махсус тадбир доирасида транспорт воситаси тўхтатилганда ЙПХ ходими тадбир қандай мақсадда ўтказилаётгани ва тўхтатиш сабабини тушунтириши керак.

Ҳайдовчи махсус тадбир ҳақиқатан тасдиқланган режа асосида ўтказилаётганини ДЙҲХХнинг ахборот-диспетчерлик хизмати орқали ёки ходим хизмат олиб бораётган саф бўлими раҳбарига мурожаат қилиб текшириши мумкин. Талаб қилинганда ЙПХ ходими тегишли диспетчерлик хизмати телефон рақамини бериши керак.

Бунда махсус тадбирнинг шартли номи, тўлиқ мазмуни, кўлами ва уни ўтказишга асос бўлган хизмат ҳужжатлари фуқарога кўрсатилмайди.

Ҳайдовчи мулоқотни видеога олиши мумкинми?

Ҳа. Йўл ҳаракати қатнашчиси ЙПХ ходими билан мулоқотини ўзининг аудио, фото ва видео қурилмаларига қайд этиш ҳуқуқига эга.

Фото ва видео тасвирга олиш тақиқланган махсус белги мавжуд ҳудудлар бундан мустасно.

Шунингдек, ҳайдовчи:

  • нима сабабдан тўхтатилгани ва қайси қоида бузилганини тушунтиришни;
  • ходимнинг хизмат гувоҳномаси ва кўкрак нишон белгисини кўрсатишни;
  • махсус мосламада қайд этилган қоидабузарлик натижасини кўрсатишни;
  • тегишли махсус мосламанинг қиёслаш сертификатини кўрсатишни талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Эслатма: ЙПХ ходими транспорт воситасини тўхтатганда ҳайдовчи тўхтатиш сабабини билиш ҳуқуқига эга. Низомда кўрсатилмаган бошқа сабаб билан транспорт воситасини тўхтатишга йўл қўйилмайди.

Chat