Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 17417 марта ўқилди

БҲМ миқдори

2026 йил 31 августга қадар БҲМ — 412 000 сўм.

2026 йил 1 сентябрдан БҲМ — 440 000 сўм.

Қуйида биринчи бўлиб 2026 йил 31 августгача амал қиладиган сумма, қавс ичида эса 2026 йил 1 сентябрдан қўлланиладиган сумма кўрсатилган.

Транспорт воситасидан фойдаланиш қоидаларини бузиш

  • Хавфсизлик камаридан ёки мотошлемдан фойдаланиш қоидаларига риоя қилмаслик — маъмурий огоҳлантириш ёки 0,5 БҲМ: 206 000 сўм (220 000 сўм).
  • Тиббиёт қутичаси, ўт ўчиргич, авария ҳолатида тўхташ белгиси ёки нур қайтаргичли камзул мавжуд бўлмаган транспорт воситасини бошқариш — маъмурий огоҳлантириш ёки 0,5 БҲМ: 206 000 сўм (220 000 сўм).
  • Белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилмаган, мажбурий техник кўрикдан ўтказилмаган ёки фойдаланиш ман этиладиган даражада носоз транспорт воситасини бошқариш — маъмурий огоҳлантириш ёки 0,5 БҲМ: 206 000 сўм (220 000 сўм).
  • Тормоз тизимида, руль бошқарувида ёки уловчи қурилмасида носозлиги бўлган ёхуд тегишли рухсатсиз қайта жиҳозланган транспорт воситасини бошқариш — 1 БҲМ: 412 000 сўм (440 000 сўм).
  • Фойдаланиш белгиланган тартибда ман этилган ёки давлат рақами белгиси ўзбошимчалик билан ечиб олинган транспорт воситасини бошқариш — 5 БҲМ: 2 060 000 сўм (2 200 000 сўм).
  • Бошқа транспорт воситасига тегишли давлат рақами белгиси билан бошқариш — 10 БҲМ: 4 120 000 сўм (4 400 000 сўм).

Ҳужжатлар ва мажбурий суғурта

Йўл ҳаракати қоидаларида назарда тутилган зарур ҳужжатларсиз транспорт воситасини бошқариш — 1 БҲМ: 412 000 сўм (440 000 сўм).

Бироқ ҳайдовчида Ўзбекистон Республикасининг ички ишлар органлари ёки консуллик муассасалари томонидан берилган биометрик паспорт ёки ID-карта мавжуд бўлса, қуйидагиларни алоҳида олиб юриш талаб этилмайди:

  • ҳайдовчилик гувоҳномаси;
  • транспорт воситасининг рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги ҳужжат;
  • транспорт воситасига эгалик қилиш ёки ундан фойдаланиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат;
  • мажбурий суғурта полиси;
  • ойналар тусини ўзгартиришга берилган рухсатнома.

Суғурта полисида назарда тутилмаган даврда транспортни бошқариш ёки полисда фақат муайян ҳайдовчилар бошқариши белгиланган бўлса, ушбу шартларни бузиш — маъмурий огоҳлантириш ёки 0,5 БҲМ: 206 000 сўм (220 000 сўм).

Тўхташ, телефон ва светофор қоидаларини бузиш

  • Тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидаларини бузиш — маъмурий огоҳлантириш ёки 2 БҲМ: 824 000 сўм (880 000 сўм).
  • Транспорт воситасини бошқариш вақтида телефондан қўлда фойдаланиш — маъмурий огоҳлантириш ёки 3 БҲМ: 1 236 000 сўм (1 320 000 сўм).
  • Светофорнинг тақиқловчи сигналида тўхташ чизиғини босиб кириш — 0,5 БҲМ: 206 000 сўм (220 000 сўм).
  • Светофорнинг тақиқловчи сигналига ёки тартибга солувчининг тақиқловчи ишорасига бўйсунмай ўтиш — 3 БҲМ: 1 236 000 сўм (1 320 000 сўм).
  • Қарама-қарши ҳаракатланиш учун мўлжалланган томонга йўл ҳаракати қоидаларини бузиб чиқиш ёки авария ҳолатини юзага келтириш — 10 БҲМ: 4 120 000 сўм (4 400 000 сўм).

Белгиланган тезликни ошириш

  • Тезликни соатига 20 километрдан кўп бўлмаган миқдорда ошириш — 1 БҲМ: 412 000 сўм (440 000 сўм).
  • Тезликни соатига 20 километрдан ортиқ, лекин 40 километрдан кўп бўлмаган миқдорда ошириш — 5 БҲМ: 2 060 000 сўм (2 200 000 сўм).
  • Тезликни соатига 40 километрдан ортиқ, лекин 60 километрдан кўп бўлмаган миқдорда ошириш — 9 БҲМ: 3 708 000 сўм (3 960 000 сўм).
  • Тезликни соатига 60 километрдан ортиқ ошириш — 15 БҲМ: 6 180 000 сўм (6 600 000 сўм).

Тезликни оширганлик учун жазо қўлланганда ўлчов ускунаси ва транспорт воситаси спидометридаги эҳтимолий хатолар ҳисобга олиниб, қайд этилган тезликдан соатига 5 километр чегириб ташланади.

Маст ҳолда бошқариш

Транспорт воситасини алкоголли ичимликдан маст ҳолда ёки гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ёхуд шахснинг ақл-идрокига таъсир қилувчи бошқа моддалар таъсири остида бошқариш:

  • транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан 3 йил муддатга маҳрум қилиш;
  • 40 БҲМ: 16 480 000 сўм (17 600 000 сўм) жарима солишга сабаб бўлади.

Бундай ҳуқуқбузарликни транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс содир этса, унга 50 БҲМ: 20 600 000 сўм (22 000 000 сўм) жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ қўлланилиши мумкин.

Тиббий текширувдан бош тортиш

Мастлик ҳолатини аниқлаш учун белгиланган тартибда текширувдан ўтишдан бош тортиш:

  • транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан 3 йил муддатга маҳрум қилиш;
  • 30 БҲМ: 12 360 000 сўм (13 200 000 сўм) жарима солишга сабаб бўлади.

Ҳайдовчилик ҳуқуқига эга бўлмаган шахс текширувдан бош тортса, унга 50 БҲМ: 20 600 000 сўм (22 000 000 сўм) жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ қўлланилиши мумкин.

Маъмурий огоҳлантириш автоматик равишда қўлланилмайди. У ҳуқуқбузар қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлганда ва бошқа ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжуд бўлмаганда ваколатли орган томонидан қўлланилиши мумкин.

Chat