Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 2882 марта ўқилди

Стандарт қўлланиладиган транспорт воситалари

Транспорт воситалари қийматини баҳолаш 1–7-сон Миллий баҳолаш стандартлари талаблари асосида амалга оширилади. 15-сон “Транспорт воситалари қийматини баҳолаш” Миллий баҳолаш стандарти транспорт воситасининг қийматини ва унга етказилган моддий зарарни аниқлашга доир қўшимча талабларни белгилайди.

Стандарт қуйидагиларга нисбатан қўлланилади:

  • енгил ва юк автомобиллари;
  • автобуслар;
  • тиркамалар ва яримтиркамалар;
  • махсус ва ихтисослаштирилган автомобиллар;
  • қишлоқ хўжалиги ҳамда йўл-қурилиш техникалари;
  • мотоцикллар, мопедлар ва скутерлар;
  • велосипедлар;
  • транспорт воситасининг алоҳида қисмлари, узеллари, агрегатлари ва бошқа компонентлари.

Транспорт воситаси сифатида давлат рўйхатидан ўтказилмайдиган машиналар 15-сон стандарт доирасига кирмайди.

Агар қонунчилик ҳужжатида ёки баҳолаш шартномасида бошқа қиймат тури белгиланмаган бўлса, транспорт воситасининг бозор қиймати аниқланади.

Баҳолаш учун тақдим этиладиган маълумотлар

Баҳолаш буюртмачи ва баҳоловчи ташкилот ўртасидаги шартнома асосида ўтказилади. Буюртмачи, қоида тариқасида, қуйидагиларни тақдим этади:

  • транспорт воситаси давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома — техник паспорт;
  • мулк ҳуқуқини ёки транспорт воситасидан фойдаланиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар;
  • ҳисобварақ-маълумотнома, олди-сотди, ҳадя ёки етказиб бериш шартномаси — рўйхатдан ўтказиш ҳужжатлари мавжуд бўлмаганда;
  • транспорт воситасига нисбатан мавжуд чекловлар ҳақидаги маълумотлар;
  • қўшимча жиҳозлар, таъмирлаш ишлари ва алмаштирилган қисмлар тўғрисидаги маълумотлар;
  • зарар баҳоланаётганда йўл-транспорт ҳодисасига оид ҳужжатлар ва таъмирлаш харажатларини тасдиқловчи маълумотлар.

Баҳоловчи баҳолаш мақсади ва транспорт воситасининг хусусиятларидан келиб чиқиб, бошқа зарур ҳужжат ва маълумотларни ҳам сўраши мумкин. Тақдим этилган маълумотларнинг тўғрилиги учун буюртмачи жавоб беради.

Кўздан кечириш ва идентификация қилиш

Транспорт воситасини кўздан кечириш буюртмачи ёки мулкдорнинг расмий вакили иштирокида ўтказилади. Баҳоловчи:

  • транспорт воситасининг русуми, модели, ишлаб чиқарилган йили ва идентификация рақамларини ҳужжатлар билан солиштиради;
  • юрилган масофаси, бутланиши, техник ҳолати, носозликлари ва аввалги таъмирлаш ишларини ўрганади;
  • транспорт воситасини суратга олади;
  • кўздан кечириш натижаси бўйича техник ҳолат тўғрисида далолатнома тузади.

Транспорт воситасини кўздан кечириш имконсиз бўлса, баҳолаш ҳужжатлар асосида ўтказилиши мумкин. Бунда ҳисоботда транспорт воситаси кўздан кечирилмагани ва бунинг сабаблари кўрсатилиши шарт.

Баҳоловчи идентификация рақами, двигатель рақами ёки рўйхатдан ўтказиш ҳужжатининг ҳақиқийлигини экспертиза қилмайди. Маълумотлар ўртасида номувофиқлик аниқланса, уларга аниқлик киритилмагунча баҳолаш натижасидан фойдаланиш таваккалчилик келтириб чиқариши мумкин.

Баҳолаш ёндашувлари ва зарар миқдори

Баҳоловчи баҳолаш мақсади ва мавжуд ахборотдан келиб чиқиб қуйидаги ёндашувлардан бирини ёки бир нечтасини қўллайди:

  • қиёсий ёндашув — ўхшаш транспорт воситаларининг бозор нархларини солиштириш;
  • даромад ёндашуви — транспорт воситасидан олиниши кутилаётган даромадни ҳисобга олиш;
  • харажат ёндашуви — транспорт воситасини тиклаш ёки алмаштириш харажатларидан эскиришни чиқариб ташлаш.

Шикастланган транспорт воситаси бўйича унинг техник ҳолати, тиклаш харажатлари, яроқли қолдиқлар қиймати ва таъмирлаш натижасида юзага келган товар қийматининг қўшимча йўқотилиши баҳоланиши мумкин. Қўлланилган усуллар, ҳисоб-китоблар, фаразлар ва ахборот манбалари баҳолаш ҳисоботида асосланиши керак.

Баҳолаш натижаси ва низолашиш

Баҳолаш натижаси баҳолаш тўғрисидаги ҳисобот билан расмийлаштирилади. Хизматнинг нархи ва уни бажариш муддати баҳолаш шартномасида белгиланади.

Ҳисобот натижасига рози бўлмаган буюртмачи уни бошқа баҳоловчи ташкилотга экспертиза учун тақдим этиши мумкин. Эксперт хулосаси бўйича келишмовчилик сақланиб қолса, низо суд тартибида ҳал этилади.

Chat