Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 2552 марта ўқилди

Дарахтларга тегманг халқ назоратида

Платформада қандай маълумотларни кўриш мумкин?

2025 йил 1 октябрдан «Яшил макон» электрон платформасида лойиҳа доирасидаги ишларни жамоатчилик учун очиқ кўрсатиш механизми жорий этилган.

Платформада аҳоли ташаббуси билан дарахт экиш мумкин бўлган жойлар бўйича:

  • ҳудуд, кўча ва координаталар;
  • сув билан таъминланганлик ҳолати;
  • келгусида парвариш қилиш имконияти;
  • экилиши режалаштирилган дарахт турлари ҳақидаги маълумотларни жойлаштириш назарда тутилган.

Бюджет маблағлари сарфини ҳам кузатиш мумкинми?

Ҳа. «Яшил макон» доирасида Давлат бюджети ҳисобидан амалга ошириладиган лойиҳа ишлари ҳақидаги маълумотлар ҳам платформада очиқ кўрсатилиши белгиланган.

Бу фуқароларга кўчат экиш, парваришлаш ва лойиҳа доирасидаги бошқа ишлар учун бюджет маблағлари қандай сарфланаётганини кузатиш имконини беради.

Дарахт кесишга рухсат сўралганини билиш мумкинми?

Ҳа. Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарни кесиш ёки кўчириб ўтказишга рухсатнома олиш учун берилган аризалар бўйича жамоатчиликка:

  • ариза берувчи ҳақидаги маълумот;
  • дарахтни кесиш ёки кўчириш сабаби;
  • дарахт жойлашган аниқ манзил;
  • дарахтнинг ҳолати;
  • фото ва видеоматериаллар тақдим этилиши назарда тутилган.

Шу тариқа дарахтни кесиш ҳақида қарор қабул қилиниши олдидан унинг сабаби ва ҳолати жамоатчиликка очиқ бўлади.

Ноқонуний кесилган дарахтлар ҳақида ҳам маълумот бериладими?

Платформада қимматбаҳо дарахт ва буталарни қонунга хилоф кесган ёки йўқ қилган шахслар томонидан компенсация тарзида экилган кўчатлар ҳисобини юритиш белгиланган.

Шунингдек, дарахтларни ноқонуний кесган жисмоний ва юридик шахслар, содир этилган ҳуқуқбузарликлар ва улар юзасидан кўрилган чоралар ҳақидаги маълумотлар платформага доимий равишда киритиб борилади.

Эслатма: платформада дарахтни кесиш бўйича ариза мавжудлиги уни кесишга рухсат берилганини англатмайди. Рухсат бериш масаласи қонунчиликда белгиланган тартибда кўриб чиқилади.

Chat