Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 3439 марта ўқилди

Уй-жой ижара шартномаси бир томонлама ўзгартирилмайди ва бекор қилинмайди

Ижарага олувчи қандай асосий ҳуқуқларга эга?

Ижарага олувчи шартнома асосида ўзига берилган уй-жойдан яшаш мақсадида фойдаланиш ҳуқуқига эга. Кўп квартирали уйда у уйнинг умумий фойдаланиладиган мол-мулкидан ҳам тегишли тартибда фойдаланиши мумкин.

Шунингдек, қонунда белгиланган шартларда ижарага олувчи:

  • ўзи билан доимий яшайдиган шахсларни шартномада кўрсатиши;
  • оила аъзоларини шартномага киритиш масаласини қўйиши;
  • вақтинча яшовчиларга бепул яшашга рухсат бериши;
  • ижарага берувчининг розилиги билан уй-жойни иккиламчи ижарага бериши;
  • оддий муддатли шартномада янги муддатга шартнома тузишда имтиёзли ҳуқуқдан фойдаланиши мумкин.

Уй-жойнинг эгаси алмашса, ижара шартномаси бекор бўладими?

Йўқ. Ижарага берилган уй-жойга мулк ҳуқуқи бошқа шахсга ўтиши шартномани ўз-ўзидан ўзгартирмайди ёки бекор қилмайди.

Янги мулкдор аввал тузилган шартнома шартлари бўйича ижарага берувчига айланади.

Ижара ҳақини ўз вақтида тўлаш шартми?

Ҳа. Ижарага олувчи уй-жой ҳақини шартномада кўрсатилган муддатларда тўлаши шарт.

Агар тўлов муддати шартномада белгиланмаган бўлса, ижара ҳақи ҳар ой тўланади. Шартномада бошқача қоида бўлмаса, коммунал хизматлар ҳақини ҳам ижарага олувчи мустақил тўлайди.

Ижара ҳақининг миқдори тарафлар келишуви билан белгиланади ва қонун ёки шартномада назарда тутилмаган ҳолда уни бир томонлама ўзгартириш мумкин эмас.

Уй-жойдан қандай фойдаланиш керак?

Ижарага олувчи:

  • уй-жойдан унинг белгиланган вазифаси бўйича фойдаланиши;
  • уй-жойни сақлаши ва яхши ҳолатда тутиши;
  • ижарага берувчининг розилигисиз уни қайта қурмаслиги ёки тузилишини ўзгартирмаслиги;
  • шартнома бўйича тўловларни ўз вақтида амалга ошириши керак.

У билан бирга доимий ёки вақтинча яшайдиган шахсларнинг шартнома талабларини бузувчи хатти-ҳаракатлари учун ҳам ижарага олувчи ижарага берувчи олдида жавобгар бўлиши мумкин.

Таъмирлаш кимнинг зиммасида?

Шартномада бошқача белгиланмаган бўлса:

  • жорий таъмир — ижарага олувчининг;
  • капитал таъмир — ижарага берувчининг зиммасида бўлади.

Ижарага олувчи ижарага берувчининг розилигисиз уй-жойни қайта қуриши ёки унинг тузилишини ўзгартириши мумкин эмас.

Ижарага олувчи шартномани ўзи бекор қила оладими?

Ҳа. Ижарага олувчи ўзи билан бирга доимий яшайдиган бошқа фуқароларнинг розилиги билан ижарага берувчини 3 ой олдин ёзма равишда огоҳлантириб, шартномани исталган вақтда бекор қилиш ҳуқуқига эга.

Тарафлар ўзаро келишиб ҳам шартномани бекор қилишлари мумкин.

Ижарага берувчи қачон шартномани бекор қилишни талаб қилиши мумкин?

Ижарага берувчининг талабига кўра шартнома суд орқали, жумладан:

  • агар шартномада узоқроқ муддат белгиланмаган бўлса, уй-жой ҳақи 6 ой давомида тўланмаса;
  • қисқа муддатли ижарада белгиланган тўлов муддатидан кейин ҳақ 2 мартадан кўпроқ тўланмаса;
  • ижарага олувчи ёки у жавобгар бўлган шахслар уй-жойни вайрон қилса ёки унга путур етказса;
  • уй-жойдан ғайриқонуний қилмишларни содир этиш учун фойдаланилса бекор қилиниши мумкин.

Агар ижарага олувчи ёки у жавобгар шахслар уй-жойдан белгиланган мақсадда фойдаланмаса ёки қўшниларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини мунтазам бузса, ижарага берувчи аввал қоидабузарликни бартараф этиш ҳақида огоҳлантириши мумкин. Огоҳлантиришдан кейин ҳам қоидабузарлик давом этса, шартномани суд тартибида бекор қилиш талаб қилиниши мумкин.

Эслатма: уй-жойнинг сотилиши ёки бошқа шахсга мулк сифатида ўтиши ижарага олувчини автоматик равишда чиқариб юбориш учун асос эмас — амалдаги ижара шартномаси янги мулкдор учун ҳам сақланади.

Chat