Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 7442 марта ўқилди

Қўшимча давлат гранти квотаси

«Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ, ногиронлиги бўлган шахслар учун олий таълим ташкилотларига абитуриентларни қабул қилиш умумий сонининг 2 фоизи миқдорида қўшимча давлат гранти квотаси ажратилади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 2 июндаги 417-сон қарорига кўра, мазкур қўшимча квота:

  • I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга;
  • II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга;
  • ногиронлиги бўлган болаларга нисбатан татбиқ этилади.

Ушбу шахслар тегишли умумий ўрта, ўрта махсус ёки бошланғич профессионал таълимни тугатганлиги ҳақидаги ҳужжатга эга бўлиши керак.

III гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга 2 фоизлик қўшимча давлат гранти квотаси татбиқ этилмайди. Бироқ улар умумий тартибда ўқишга кириш ҳуқуқига эга.

Қабул танлови қандай ўтказилади?

Ногиронлиги бўлган шахсларни қўшимча квота асосида ўқишга қабул қилиш кириш имтиҳонлари — тест синовлари ёки касбий (ижодий) имтиҳонлар натижалари бўйича амалга оширилади.

Кириш имтиҳонида тўплаш мумкин бўлган энг юқори баллнинг камида 30 фоизини тўплаган абитуриентлар баллар кетма-кетлигига қатъий риоя қилинган ҳолда 2 фоизлик қўшимча давлат гранти квотаси доирасида талабаликка тавсия этилади.

Алоҳида қабул параметрлари бўйича имтиёз абитуриент танлаган биринчи бакалавриат таълим йўналишига нисбатан қўлланилади.

Қўшимча квота бўйича талабаликка тавсия этилмаган абитуриент тўплаган баллари билан ўзи танлаган таълим йўналишлари бўйича умумий танловда иштирок этади.

Онлайн рўйхатдан ўтиш тартиби

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 13 сентябрдаги 578-сон қарорига мувофиқ, абитуриентларни рўйхатдан ўтказиш Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг расмий сайти орқали икки босқичда амалга оширилади.

Биринчи босқичда — ҳар йили 5 июндан 25 июнга қадар, шу жумладан 25 июнь куни:

  • тест топшириладиган фанлар мажмуаси;
  • таълим тили;
  • тест топшириш ҳудуди;
  • касбий ёки ижодий имтиҳон мавжуд бўлса, ушбу имтиҳон топшириладиган олий таълим ташкилоти танланади.

Иккинчи босқичда — тест синовлари тўлиқ якунланганидан кейин 15 кун давомида:

  • олий таълим ташкилоти;
  • бакалавриат таълим йўналиши;
  • таълим шакли;
  • танлов устуворлиги танланади.

Ногиронлиги бўлган шахс, жумладан кўзи ожиз абитуриент ҳақидаги маълумотлар Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг ахборот тизимидан реал вақт режимида олинади.

Тест синови учун тўлов

Одатда тест синовида иштирок этиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизи миқдорида тўлов ундирилади.

Бироқ I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда ногиронлиги бўлган болалардан тест синовида иштирок этиш учун тўлов ундирилмайди.

Ногиронлиги бўлган абитуриент тест синовида иштирок этиш тўловидан озод қилинади.

Имтиҳон ўтказиш учун махсус шароитлар

Олий таълим ташкилотининг қабул комиссияси имтиҳон ўтказиладиган бино ва аудиторияларда ногиронлиги бўлган шахслар учун уларнинг эҳтиёжларига мос зарур шарт-шароитлар яратилишини таъминлаши шарт.

Кўзи ожиз абитуриентлар учун алоҳида қабул тартиби белгиланган. Улар кириш имтиҳонларини таълим йўналишига мос фанлар бўйича анъанавий шаклда, ёзма ёки оғзаки тарзда топширади. Улар билан ишлаш учун махсус масъул ходим ажратилади ва зарур маслаҳатлар ташкил этилади.

Кўзи ожиз абитуриент кириш имтиҳонида максимал баллнинг 55 фоизи ёки ундан юқори натижани ёхуд беш баллик баҳолаш тизимида «3», «4» ёки «5» баҳо олса, белгиланган тартибда танловсиз қўшимча давлат гранти асосида талабаликка қабул қилинади.

Chat