Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 5580 марта ўқилди

Ахборот олиш эркинлиги тўғрисидаги қонун лойиҳаси эълон қилинди

Ахборот олиш ҳуқуқи

Ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги, шунингдек исталган ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқига эга. Давлат Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиш учун шарт-шароит яратади.

Давлат органлари, ташкилотлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва уларнинг мансабдор шахслари фуқарога унинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларига дахлдор ҳужжатлар, қарорлар ва бошқа материаллар билан танишиш имкониятини таъминлаши шарт.

Ахборот:

  • очиқ ва ошкора;
  • ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган;
  • фойдаланиш қонунчиликка мувофиқ чекланган ахборотга бўлинади.

Ахборот олиш ҳуқуқининг чекланиши

Ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқи фақат қонунга мувофиқ ҳамда зарур бўлган доирада чекланиши мумкин.

Бундай чеклов:

  • конституциявий тузумни ҳимоя қилиш;
  • аҳоли соғлиғи ва ижтимоий ахлоқни муҳофаза қилиш;
  • бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш;
  • жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибини таъминлаш;
  • давлат сири ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сир ошкор этилишининг олдини олиш мақсадида қўлланилади.

Муҳим: шахснинг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди ёки мавқейига қараб унинг ахборот олиш ҳуқуқини чеклашга йўл қўйилмайди.

Махфий деб ҳисобланмайдиган маълумотлар

Қуйидаги ахборотлар махфийлаштирилиши мумкин эмас:

  • фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда уларни амалга ошириш тартиби ҳақидаги қонунчилик ҳужжатлари;
  • давлат органлари, жамоат бирлашмалари ва ННТларнинг ҳуқуқий мақомини белгиловчи ҳужжатлар;
  • экологик, метеорологик, демографик ва санитария-эпидемиологик маълумотлар;
  • фавқулодда вазиятлар ва аҳоли хавфсизлиги учун зарур маълумотлар.

Ахборот беришни рад этиш

Сўралаётган ахборот махфий бўлса ёки уни ошкор қилиш шахс, жамият ёхуд давлатнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига зарар етказиши мумкин бўлса, ахборотни бериш рад этилиши мумкин.

Рад этиш тўғрисидаги хабар сўров олинганидан кейин беш кунлик муддатда юборилиши ва унда рад этиш сабаби кўрсатилиши шарт.

Қонунга хилоф рад жавоби, жавоб бермаслик ёки нотўғри ахборот тақдим этиш устидан юқори турувчи органга ёхуд судга шикоят қилиш мумкин.

Ушбу ҳуқуқлар Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 33-моддаси ва «Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида»ги Қонун билан кафолатланган.

Chat