Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 5013 марта ўқилди

Мурожаатни қаерга бериш мумкин?

Давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга жисмоний шахс махсус ваколатли давлат органига экстерриториаллик принципи асосида мурожаат қилиши мумкин.

Мурожаат:

  • оғзаки;
  • ёзма;
  • электрон шаклда берилиши мумкин. Давлат ҳисобидан юридик ёрдам соҳасида махсус ваколатли давлат органи — Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги.

Экстерриториаллик принципи — мурожаатни фақат доимий яшаш жойидаги ҳудудий органга бериш билан чекланмаслик имкониятини англатади.

Қандай маълумот ва ҳужжатлар керак?

Умумий тартибда:

  • давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш тўғрисидаги ариза;
  • шахснинг паспорт ёки ID-карта маълумотлари тақдим этилади.

Агар ариза вакил орқали берилса, унинг ваколатини тасдиқловчи ишончнома ёки бошқа ҳужжат, қонунчиликда белгиланган ҳолларда эса қариндошликни тасдиқловчи ҳужжат талаб этилади.

Айрим махсус тоифаларда қўшимча тасдиқловчи маълумотлар талаб қилинади. Масалан, психиатрия ёрдами кўрсатилаётган шахс ёки гендер тенглиги бузилганлиги бўйича судга мурожаат қилган шахс учун тегишли маълумотлар тақдим этилади.

Ҳар доим фуқаронинг ўзи ариза бериши керакми?

Йўқ. Иш аллақачон ваколатли орган ёки суд юритувида бўлса, қонунда белгиланган ҳолларда давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш ҳақидаги сўровни тегишли органнинг ўзи «Юридик ёрдам» ахборот тизими орқали юбориши мумкин.

Жумладан:

  • Конституциявий суд;
  • фуқаролик ишлари бўйича суд;
  • маъмурий суд;
  • маъмурий ҳуқуқбузарлик ишини кўриб чиқувчи ваколатли орган;
  • суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки жиноят ишлари бўйича суд;
  • қонунда белгиланган бошқа ваколатли муассасалар тегишли ҳолларда сўров юбориши мумкин.

2026 йил 20 апрелдан Конституциявий судга шикоят билан мурожаат қилган, давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга фуқаронинг илтимосига кўра Конституциявий суд томонидан ҳам бундай сўров юборилиши белгиланган.

Ариза қанча вақтда кўриб чиқилади?

Ариза ёки ваколатли органнинг сўрови махсус ваколатли давлат органига келиб тушганидан бошлаб 3 иш куни ичида кўриб чиқилади.

Жиноят иши бўйича адвокат иштироки мажбурий бўлган ҳолларда Жиноят-процессуал кодексда назарда тутилган махсус тартиб ва муддатлар амал қилади.

Ариза маъқулланса кейин нима бўлади?

Ариза ёки сўровдаги маълумотлар қонун талабларига мувофиқ бўлса, давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш ҳақида қарор қабул қилинади ва у «Юридик ёрдам» ахборот тизимида рўйхатга олинади.

Шундан кейин тизим давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатувчи адвокатлар орасидан адвокатни автоматик равишда танлайди. Танлашда адвокатнинг ихтисослиги, ҳудуд ва иш юритиш тили ҳисобга олинади.

Рад этилса нима қилиш мумкин?

Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш рад этилса, қарор устидан юқори турувчи органга ёки судга шикоят қилиш мумкин.

Эслатма: мурожаат қилиш тартиби ишнинг турига қараб фарқ қилиши мумкин. Масалан, жиноят ишида адвокат иштироки мажбурий бўлса, адвокат тайинлаш учун шахснинг оддий тартибда мустақил ариза бериши шарт бўлмаган ҳолатлар мавжуд.

Chat