Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 9155 марта ўқилди

Ҳимоя ордерини қандай олиш мумкин? муҳим 8 қоида

Ҳимоя ордери кимга берилади

Ҳимоя ордери тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизга берилади. Тазйиқ ўтказган, зўравонлик содир этган ёки шундай ҳаракатларни содир этишга мойил бўлган шахсга ордернинг нусхаси топширилади.

Тартиб «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонун билан белгиланган.

Бериш муддати

Тазйиқ ёки зўравонлик факти ёхуд уни содир этиш хавфи аниқланганидан кейин ички ишлар органининг масъул мансабдор шахси 24 соат ичида ҳимоя ордерини расмийлаштиради.

Ордер:

  • ўттиз кунгача муддатга берилади;
  • расмийлаштирилган пайтдан бошлаб кучга киради;
  • унинг бажарилиши ички ишлар органи томонидан назорат қилинади.

Ҳимоя ордеридаги чекловлар

Ордерда зўравонлик содир этган ёки тазйиқ ўтказган шахсга нисбатан:

  • тазйиқ ва зўравонлик содир этишни тақиқлаш;
  • жабрланувчи билан алоқа қилишни тақиқлаш;
  • жабрланувчи билан бир хонада бўлишни тақиқлаш;
  • даволаниш, маслаҳат, вақтинча жойлаштириш, моддий зарар ва маънавий зиён харажатларини қоплаш мажбуриятини юклаш;
  • қуролни сақлаш ва олиб юриш ҳуқуқини чеклаш ёки тақиқлаш;
  • қурол сотиб олиш учун рухсатнома олишни тақиқлаш каби чоралар белгиланиши мумкин.

Муҳим: ҳимоя ордери талабларини бажармаслик маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади.

Ордерни узайтириш

Агар хавф бартараф этилмаган бўлса, жабрланувчининг аризасига кўра жиноят ишлари бўйича суд ордернинг амал қилиш муддатини кўпи билан бир йилгача узайтириши мумкин.

Илтимоснома материаллар келиб тушганидан кейин 24 соат ичида ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилади.

Суд қўшимча равишда зўравонлик содир этган шахснинг:

  • муайян жойларга боришини;
  • жабрланувчи яшайдиган уй-жойдан фойдаланишини;
  • жабрланувчининг иш жойи ёки у турган бошқа жойларга яқинлашишини вақтинча чеклаши мумкин.

Ордер узайтирилганда зўравонлик хулқ-атворини ўзгартириш бўйича тузатиш дастуридан ўтиш шарти мажбурий киритилади.

Вояга етмаган жабрланувчилар

Вояга етмаган жабрланувчи ҳимоя ордерини олиш учун шахсан мурожаат қилишга ҳақли. Унинг номидан қонуний вакил ёки васийлик ва ҳомийлик органи ҳам мурожаат қилиши мумкин.

Вояга етмаган ёки муомалага лаёқатсиз жабрланувчи бўйича ордер унинг қонуний вакилига ёки васийлик ва ҳомийлик органига берилади.

Chat