Тадбиркорлик фаолиятини қонунчиликда белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтмасдан амалга ошириш ноқонуний тадбиркорлик фаолияти ҳисобланади.
Жавобгарлик чоралари
Ноқонуний тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш:
- ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан 7 бараваригача жарима солишга сабаб бўлади;
- анча миқдорда назорат қилинмайдиган даромад олинган бўлса, ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб, БҲМнинг 7 бараваридан 10 бараваригача жарима солинади;
- кўп миқдорда назорат қилинмайдиган даромад олинган бўлса, ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб, БҲМнинг 10 бараваридан 50 бараваригача жарима солинади.
Муҳим! Жарима қўлланилиши шахсни тадбиркорлик фаолиятини давлат рўйхатидан ўтказиш ва зарур рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштириш мажбуриятидан озод қилмайди.
Жавобгарликдан озод қилиш шартлари
Биринчи марта мазкур ҳуқуқбузарликни содир этган шахс қуйидаги шартларнинг барчасини бажарса, ҳуқуқбузарлик ашёлари мусодара қилинмаган ҳолда жавобгарликдан озод этилади:
- ҳуқуқбузарлик аниқланган пайтдан бошлаб 30 кун ичида солиқлар ва йиғимлар тарзида давлатга етказилган зарарни ихтиёрий равишда қопласа;
- тадбиркорлик субъекти сифатида давлат рўйхатидан ўтса;
- фаолият учун зарур лицензия ёки бошқа рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштирса.