Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 4757 марта ўқилди

Депутат ким ҳисобланади?

Халқ депутатлари Кенгаши депутати — тегишли вилоят, туман ёки шаҳар Кенгашига сайланган ҳамда сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинган Ўзбекистон Республикаси фуқароси.

Депутат тегишли халқ депутатлари Кенгашининг ваколатлари муддатига сайланади. Унга депутатлик гувоҳномаси ва кўкрак нишони берилади.

Депутатлик ваколатларини бошқа шахсга топшириш мумкин эмас.

Депутатнинг асосий ҳуқуқлари

Депутат Кенгаш мажлисларида кўриб чиқиладиган барча масалалар бўйича ҳал қилувчи овоз ҳуқуқига эга.

Депутат, жумладан:

  • Кенгашнинг доимий ва муваққат комиссияларига сайлаш ва сайланишга;
  • Кенгаш мажлисида кўриб чиқиш учун масалалар таклиф этишга;
  • кун тартиби ва муҳокама қилинаётган масалалар бўйича таклифлар киритишга;
  • мунозараларда иштирок этиш ва саволлар беришга;
  • депутат сўрови билан мурожаат қилишга;
  • ҳудудларни ривожлантириш дастурлари бажарилишини назорат қилишга;
  • ҳисобдор орган ёки мансабдор шахс ҳисоботини эшитишни таклиф қилишга;
  • қонунлар ва Кенгаш қарорлари ижросини текшириш масаласини киритишга;
  • сайловчилар билан учрашувлар ўтказишга;
  • қонунбузилишларга чек қўйишни талаб қилиб ваколатли органларга мурожаат қилишга ҳақли.

Депутатнинг мажбуриятлари

Депутат Кенгаш ва ўзи аъзо бўлган комиссия мажлисларида қатнашиши ҳамда овоз беришда шахсан иштирок этиши шарт.

Мажлисда иштирок эта олмаса, бу ҳақда Кенгаш ёки комиссия раҳбарини олдиндан хабардор қилиши керак.

Депутат ўз мақомидан фуқаролар, жамият ёки давлатнинг қонуний манфаатларига зарар етказадиган тарзда фойдаланиши мумкин эмас.

Сайловчилар билан ишлаш тартиби

Депутат ўз сайлов округидаги сайловчилар билан доимий алоқа қилиб, уларнинг манфаатларини Кенгашда ифода этади.

У:

  • сайловчилар мурожаатларини кўриб чиқади;
  • жисмоний шахслар ва юридик шахслар вакилларини қабул қилади;
  • мурожаатларни ҳал этиш чораларини кўради;
  • йилига камида тўрт марта сайловчиларга ўз фаолияти ҳақида ахборот беради.

Сайловчиларнинг ишончини оқламаган ёки уни номзод қилиб кўрсатган сиёсий партия олдидаги мажбуриятларини бажармаган депутат қонунда белгиланган тартибда чақириб олиниши мумкин.

Депутат сўрови нима?

Депутат сўрови — депутатнинг тегишли ҳудуддаги давлат ҳокимияти ва бошқаруви органи мансабдор шахсидан ваколатига кирувчи масала бўйича асослантирилган тушунтириш ёки нуқтаи назарини талаб қилиши.

Мансабдор шахс депутат сўровига у олинган кундан бошлаб 10 кундан кечиктирмай жавоб бериши шарт.

Суд, прокуратура, суриштирув ёки тергов органи раҳбарига юборилган депутат сўрови уларнинг иш юритувидаги муайян иш ёки материалга тааллуқли бўлиши мумкин эмас.

Депутатлик одоби бузилса қандай чора кўрилади?

Депутат одоб-ахлоқ қоидаларини бузган тақдирда унга нисбатан:

  • огоҳлантириш бериш;
  • Кенгаш ёки комиссия мажлисида узр сўрашни талаб қилиш;
  • қоидабузарлик фактини Кенгаш мажлисида эълон қилиш;
  • депутатлик ваколатларини муддатидан илгари тугатиш

чоралари қўлланилиши мумкин.

Депутат ваколати қачон муддатидан илгари тугатилади?

Депутатнинг ваколатлари, жумладан:

  • у ваколатидан воз кечиш ҳақида ёзма ариза берганда;
  • депутатликка номувофиқ лавозимга сайланганда ёки тайинланганда;
  • Кенгаш ёки комиссия мажлисларида бир йилда 30 ёки ундан ортиқ иш куни узрсиз қатнашмаганда;
  • чет давлатда доимий яшаш ҳуқуқини берувчи ҳужжат олганда;
  • суднинг айблов ҳукми қонуний кучга кирганда;
  • депутат чақириб олинганда;
  • Ўзбекистон фуқаролигини йўқотганда;
  • депутат вафот этганда

муддатидан илгари тугатилади.

Депутат деган номга доғ туширувчи хулқ-атвор ҳам унинг ваколатларини Кенгаш қарори билан муддатидан илгари тугатиш учун асос бўлиши мумкин.

Депутат фаолиятининг кафолатлари

Депутатга ўз ваколатларини эркин ва самарали амалга ошириши учун шарт-шароитлар яратилади, унинг ҳуқуқлари, шаъни ва қадр-қиммати муҳофаза қилинади.

Депутат:

  • гувоҳномасини кўрсатиб, тегишли ҳудуддаги корхона ва ташкилотларга монеликсиз киришга;
  • раҳбарлар ва бошқа мансабдор шахслар томонидан дарҳол қабул қилинишга;
  • депутатлик вазифасини бажариш вақтида иш жойи ва ўртача иш ҳақи сақланишига;
  • ваколати давомида ҳарбий йиғинлардан озод этилишга;
  • тегишли ҳудудда айрим йўловчи транспортларидан бепул фойдаланишга ҳақли.

Депутатнинг дахлсизлиги

Депутатлик дахлсизлиги — депутатни тегишли Кенгашнинг розилигисиз белгиланган тартибда жавобгарликка тортишга йўл қўйилмаслигини кафолатловчи ҳуқуқий ҳимоя.

Тегишли Кенгаш розилигисиз депутат ўзи депутат бўлган ҳудудда жиноий жавобгарликка тортилиши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши ёки суд томонидан қўлланиладиган маъмурий жазога тортилиши мумкин эмас.

Депутатни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиш масаласи тегишли прокурор ёки юқори турувчи прокурор тақдимномаси асосида Кенгаш томонидан 10 кун ичида ҳал этилади.

Агар ҳуқуқбузарлик депутат ўзи депутат бўлган ҳудуддан ташқарида содир этилган бўлса, Кенгаш розилигини олиш талаб қилинмайди.

Chat