Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 886 марта ўқилди

Маҳаллий Кенгаш депутати ким?

Маҳаллий Кенгаш депутати — халқ депутатлари вилоят, туман ёки шаҳар Кенгашига сайланган ва тегишли сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинган Ўзбекистон Республикаси фуқароси.

Депутат сайловчилар манфаатларини ифода этади, Кенгаш ишида иштирок этади ва тегишли ҳудудни ривожлантиришга доир масалаларни ҳал этишга кўмаклашади. Унинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва фаолияти кафолатлари қонун билан белгиланади.

Депутат қандай ҳуқуқларга эга?

Депутат:

  • Кенгаш сессиялари ва ўзи аъзо бўлган комиссиялар мажлисларида иштирок этиш;
  • кўриб чиқилаётган масалалар бўйича фикр билдириш ва овоз бериш;
  • масалалар, қарор лойиҳалари, таклиф ва тузатишлар киритиш;
  • мансабдор шахсларнинг ҳисобот ва ахборотларини эшитишни таклиф қилиш;
  • давлат органлари ва ташкилотларидан зарур маълумотлар олиш;
  • сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш;
  • фуқаролар ҳуқуқлари ёки қонунчилик бузилган ҳолларда ваколатли органларга чора кўриш талаби билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Депутат ўз ваколатларини шахсан амалга оширади ва овоз бериш ҳуқуқини бошқа шахсга топшириши мумкин эмас.

Депутатлик сўрови нима?

Депутатлик сўрови — депутатнинг тегишли ҳудуддаги давлат ҳокимияти ёки бошқаруви органи мансабдор шахсидан унинг ваколатига кирувчи масала бўйича асослантирилган тушунтириш ёки муносабат билдиришни талаб қилиши.

Мансабдор шахс депутатлик сўровига уни олган кундан эътиборан 10 кундан кечиктирмай жавоб юбориши керак.

Суд раиси, прокурор, суриштирув ёки тергов органи раҳбарига юбориладиган депутатлик сўрови уларнинг иш юритувидаги муайян иш ёки материалга аралашишга қаратилмаслиги лозим.

Депутатнинг асосий мажбуриятлари

Депутат:

  • Кенгаш ва ўзи аъзо бўлган комиссия мажлисларида шахсан иштирок этиши;
  • овоз беришда шахсан қатнашиши;
  • мажлисда иштирок эта олмаса, бу ҳақда олдиндан раҳбарга хабар бериши;
  • депутатлик одоб-ахлоқи қоидаларига риоя қилиши;
  • сайловчилар билан доимий алоқа ўрнатиши;
  • фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқиши ва шахсий қабул ўтказиши;
  • ўз фаолияти ҳақида сайловчиларга ахборот бериши шарт.

Депутат ўз фаолияти ҳақида сайловчиларга йилига камида тўрт марта ахборот беради.

Сайловчилар билан ишлаш тартиби

Депутат:

  • сайлов округидаги муаммоларни ўрганади;
  • сайловчиларнинг мурожаатларини қабул қилади;
  • уларни ҳал этиш чораларини кўради;
  • давлат органлари ва ташкилотларига мурожаат қилади;
  • кўрилган чоралар ҳақида фуқароларга маълумот беради.

Ижро этувчи ҳокимият органлари депутатга учрашув ва қабулларни ташкил этиш, бино ажратиш ҳамда аҳолини хабардор қилишда кўмаклашади.

Депутатлик фаолиятининг кафолатлари

Депутатга:

  • ҳуқуқлари, шаъни ва қадр-қимматининг муҳофаза қилиниши;
  • мансабдор шахслар томонидан белгиланган тартибда қабул қилиниши;
  • зарур ахборот ва ташкилий-техник шароитлардан фойдаланиши;
  • қонунда назарда тутилган ҳолларда транспортда текин юриши;
  • дахлсизлик ҳуқуқи кафолатланади.

Дахлсизлик депутатни қонунчилик талабларига риоя қилиш мажбуриятидан озод этмайди.

Chat