Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 819 марта ўқилди

Депутат гувоҳномаси нима?

Депутат гувоҳномаси — депутатнинг шахси ва депутатлик ваколатларини тасдиқловчи расмий ҳужжат.

Депутатнинг кўкрак нишони — шахснинг маҳаллий Кенгаш депутати мақомига эга эканини кўрсатувчи расмий белги.

Кўкрак нишони кўкракнинг чап томонига тақилади.

Гувоҳнома ва кўкрак нишонини ким беради?

Гувоҳнома ва кўкрак нишони депутат сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинганидан кейин:

  • тегишли ҳудудий, туман ёки шаҳар сайлов комиссиясида махсус қайд дафтарига киритилади;
  • сайлов комиссияси раиси ёки у ваколат берган шахс томонидан депутатга топширилади.

Гувоҳнома тегишли сайлов комиссиясининг муҳри билан тасдиқланади.

Гувоҳномадан қандай фойдаланилади?

Депутат гувоҳнома ва кўкрак нишонидан ўз ваколати муддати давомида фойдаланади.

Депутат ваколатларини амалга ошираётганда гувоҳномасини кўрсатиб:

  • тегишли ҳудуддаги корхона, муассаса ва ташкилотларга монеликсиз кириш;
  • уларнинг раҳбарлари ва бошқа мансабдор шахслари томонидан дарҳол қабул қилиниш

ҳуқуқидан фойдаланиши мумкин.

Гувоҳнома ёки кўкрак нишонини бошқа шахсга бериш ва уларни депутатдан олиб қўйиш тақиқланади.

Гувоҳнома ёки нишон яроқсиз ҳолга келса

Депутат яроқсиз ҳолга келган гувоҳнома ёки кўкрак нишони ҳақида Кенгаш орқали тегишли сайлов комиссиясига икки иш куни ичида ариза бериши керак.

  • яроқсиз гувоҳнома ўрнига айнан шу рақам билан янги гувоҳнома;
  • яроқсиз кўкрак нишони ўрнига янги нишон берилади.

Гувоҳнома йўқолса

Йўқолган гувоҳнома ўрнига депутатга навбатдаги тартиб рақами билан янги гувоҳнома берилади.

Йўқолиш ҳолати ҳақида ҳам белгиланган тартибда сайлов комиссиясига хабар берилиши керак.

Депутатлик ваколати тугаганда

Депутат ваколат муддатини тўлиқ ўтаган бўлса, гувоҳнома ва кўкрак нишони ўз кучини йўқотади ва унда эсдалик сифатида қолади.

Депутатнинг ваколати муддатидан илгари тугатилса, гувоҳнома ва кўкрак нишони Кенгаш котибияти орқали икки иш кунидан кечиктирмай тегишли сайлов комиссиясига қайтарилиши шарт.

Эски тартиб амал қиладими?

Марказий сайлов комиссиясининг 2020 йил 6 январдаги 1019-сон қарори ўз кучини йўқотган.

Амалдаги тартиб Марказий сайлов комиссиясининг 2024 йил 31 октябрдаги 1416-сон қарори билан белгиланган.

Chat