Баҳорда кўпчилик тез-тез аксириш, бурун оқиши, кўз қичиши ёки йўталдан шикоят қила бошлайди. Бу аломатлар кўпинча мавсумий инфекциялар ёки чарчоқ билан боғланади. Бироқ сабаб аллергия — бугунги кунда деярли ҳар учинчи инсонда учрайдиган ва ҳаёт сифатига жиддий таъсир кўрсатадиган касаллик бўлиши ҳам мумкин. Аллергия фақат болаликда эмас, балки аввал бу муаммога дуч келмаган катталарда ҳам пайдо бўлиши мумкин.
Аллергия нима, у нима учун тобора кенгайиб бормоқда, шаҳар аҳолиси нега қишлоқ аҳолисига нисбатан кўпроқ азият чекади, ундан бутунлай қутулиш мумкинми ва мавсумий авж олиш пайтида симптомларни қандай енгиллаштириш мумкин — бу ҳақда аллерголог шифокор Стефания Кацамаки тушунтириб беради.
Аллергия — иммун тизимининг кўпчилик учун хавфсиз бўлган моддаларга нисбатан ғайритабиий реакциясидир. Оддий ҳолда иммунитет организмни вируслар, бактериялар ва бошқа таҳдидлардан ҳимоя қилади. Аммо аллергияда у ўсимлик чанги, уй чанги, ҳайвон жуни ёки озиқ-овқат каби оддий моддаларни хавф сифатида қабул қилиб, ҳимоя реакциясини ишга туширади. Стефания Кацамакининг сўзларига кўра, аллергия аслида иммун тизимининг «хатоси» ҳисобланади.
Аллергия пайдо бўлишининг аниқ сабабини айтиш қийин. Кўп ҳолларда у бир нечта омиллар йиғиндиси натижасида юзага келади. Асосий омиллардан бири — ирсият. Агар ота-оналардан бири аллергияга эга бўлса, болада унинг ривожланиш эҳтимоли тахминан 30−50 фоизни ташкил қилади. Иккаласида ҳам аллергик касалликлар мавжуд бўлса, бу кўрсаткич 60−80 фоизгача ошади.
Аллергия ривожланишида ичак микрофлораси ва организмнинг ҳимоя тўсиқлари — тери ҳамда шиллиқ қаватлар ҳолати катта аҳамиятга эга. Улар потенциал аллергенлар билан биринчи бўлиб тўқнашади ва кўп жиҳатдан иммун тизимининг жавобини белгилайди. Микрофлорадаги бузилишлар вирусли, бактериал ёки замбуруғли инфекциялар, шунингдек антибиотикларни нотўғри ёки кўп қўллаш натижасида келиб чиқиши мумкин.
Ичак саломатлиги учун муҳим омиллардан бири — мувозанатли овқатланишдир.
«Овқатланиш хилма-хил бўлиши керак. Тиббий кўрсатмаларсиз жуда қатъий чекловлар зарар етказиши мумкин. Организм айрим маҳсулотларсиз яшашга кўникиб қолади ва вақт ўтиши билан уларни қандай қабул қилганини „унутиши“ мумкин. Кейинчалик улар рационга қайта киритилганда, иммун тизими уларни бегона модда сифатида қабул қилиб, нохуш реакция бериши эҳтимоли бор», — дея тушунтиради Стефания Кацамаки.
Шифокор таъкидлашича, аллергик реакциялар пайдо бўлишига инсон ҳаётининг илк йилларида иммун тизими шаклланиши билан боғлиқ жараёнлар катта таъсир кўрсатади — бу унинг фаол «созланиш» давридир. Бунда болани озиқлантириш тури (кўкрак сути ёки сунъий), болаликда ўтказилган инфекциялар, шунингдек, умумий ҳаёт тарзи муҳим аҳамиятга эга. Ҳатто туғилиш усули ҳам таъсир қилади: табиий туғруқда бола она микрофлорасини олади ва бу иммун тизимининг тўғри шаклланишига ёрдам беради, кесар кесимида эса бу жараён чекланади.
«Инсон учун, айниқса болаликда, ташқи муҳит билан алоқа жуда муҳим. Ортиқча стериллик фойда келтирмайди. Бола ташқи муҳитнинг турли омиллари, жумладан эҳтимолий аллергенлар билан босқичма-босқич танишиб бориши керак. Бу иммун тизимининг тўғри реакцияси шаклланишига ёрдам беради. Агар бундай алоқа кам бўлса, аллергия ривожланиш хавфи ошади», — дейди аллерголог.
Кўпчилик аллергия фақат болаликда пайдо бўлади деб ҳисоблайди, аммо амалда у катталар ва кекса ёшдагиларда ҳам учрайди. Бу иммун тизимининг атроф-муҳитга реакцияси вақт ўтиши билан ўзгариши билан боғлиқ.
Стефания Кацамакининг сўзларига кўра, аллергия ривожланиши хавфи ирсий мойилликка эга бўлганларда, ҳавоси ифлос шаҳарларда яшовчиларда, чекувчиларда ва иш фаолияти давомида аллергенлар билан тез-тез тўқнашадиганларда юқорироқ бўлади.
Сўнгги ўн йилликларда болалар орасида ҳам, катталар орасида ҳам аллергик касалликлар билан оғриётганлар сони сезиларли даражада ошди. Европа аллергия ва клиник иммунология академияси маълумотига кўра, бугунги кунда дунё аҳолисининг тахминан 30 фоизи аллергиядан азият чекмоқда — яъни деярли ҳар учинчи инсон. 2050 йилга бориб эса аҳолининг ярмидан кўпи аллергиянинг бирор турига эга бўлиши мумкин.
Стефания Кацамаки бу тенденцияни, аввало, ҳаёт тарзининг ўзгариши ва атроф-муҳит шароитларининг ёмонлашуви билан боғлайди. Ҳаво ифлосланиши, чиқиндилар, саноат чанги ва кимёвий моддалар нафас йўллари шиллиқ қаватига таъсир қилиб, организмни аллергенларга нисбатан сезгирроқ қилади. Натижада ҳатто оз миқдордаги чанг ёки ўсимлик чанги ҳам кучли аллергик реакция чақириши мумкин.
Бундан ташқари, йирик шаҳарларда «шаҳар иссиқлик ороли» деб аталувчи ҳодиса кузатилади. Асфальт, бетон ва зич қурилиш кўплиги сабабли шаҳардаги ҳаво ҳарорати атроф ҳудудлар ва қишлоқларга нисбатан анча юқори бўлиши мумкин. Бу айниқса илиқ фаслларда яққол сезилади. Юқори ҳарорат ва қуруқ ҳаво ўсимликлар гуллаш даврини узайтиради, чанг тарқалишини кучайтиради ва унинг ҳаводаги концентрациясини оширади. Натижада ўсимлик чанглари янада фаоллашиб, аллергик реакциялар кучайиши мумкин.
«Шаҳар муҳитида болалар ва катталар микроорганизмлар, ҳайвонлар ва табиат билан камроқ алоқа қилади. Бу эса иммунитетнинг шаклланишига салбий таъсир кўрсатади. Кўпроқ „стерил“ шароитда иммун тизими тўғри ривожланиши учун керакли табиий омилларни камроқ олади. Шу сабаб аллергия мегаполисларда қишлоқларга нисбатан кўпроқ учрайди», — дейди Стефания Кацамаки.
Аллергик касалликлар кўпайишига овқатланиш ҳам таъсир қилади. Қайта ишланган маҳсулотлар, озиқ-овқат қўшимчалари, консервантлар ва ранг берувчиларни кўп истеъмол қилиш иммун тизими ва ичак микрофлораси фаолиятини ўзгартириши мумкин. Янги сабзавот ва мевалар ҳамда табиий маҳсулотлар етишмаслиги ҳам аллергия хавфини оширади.
Стресс ҳам муҳим омиллардан бири ҳисобланади. Узоқ давом этувчи руҳий зўриқиш, уйқусизлик ва юқори юклама организмнинг ҳимоя механизмларини заифлаштиради ва аллергик реакцияларнинг пайдо бўлиши ёки кучайишига олиб келиши мумкин.
Аллергия ягона касаллик эмас, балки турли ҳолатлар гуруҳидир. Уларни умумий механизм — организмнинг маълум моддаларга юқори сезгирлиги бирлаштиради. Бу моддалар аллергенлар деб аталади ва улар атроф-муҳитдаги деярли ҳар қандай модда бўлиши мумкин.
«Бир хил аллерген турли одамларда турлича намоён бўлади. Бирида фақат бурун оқиши кузатилса, бошқасида унга кўз ёшланиши ва томоқ қичиши қўшилади, яна бирида эса шу аллерген бронхиал астмага сабаб бўлиши мумкин. Бу организм хусусиятлари ва иммун тизимининг қандай реакция қилишига боғлиқ», — дейди Стефания Кацамаки.
Аллерген организмга қандай йўл билан — нафас йўллари орқали, озиқ-овқат орқали, тери орқали ёки дори воситалари орқали тушишига қараб, аллергиянинг турли шакллари ажратилади.
Энг кўп учрайдиган турлардан бири — ўсимлик чангига аллергия. У дарахтлар, ўтлар ва ёввойи ўсимликлар чангига организм реакцияси билан боғлиқ. Гуллаш даврида чанг заррачалари ҳавога тарқалиб, нафас йўлларига тушади ва шиллиқ қаватларда яллиғланишни келтириб чиқаради. Бу реакция чанг концентрацияси, об-ҳаво шароити ва организмнинг индивидуал сезгирлигига боғлиқ. Одатда у бурун оқиши, аксириш, бурун битиши, кўз қичиши, йўтал ва нафас олиш қийинлашиши билан намоён бўлади.
Яна бир кенг тарқалган тур — маиший аллергия. У инсон доимий равишда дуч келадиган уй шароитидаги аллергенлар таъсирида ривожланади. Буларга уй чанги, чанг каналари, ҳайвонлар жуни ва эпителийси, моғор замбуруғлари киради. Бу аллергенлар айниқса хавфли, чунки инсон улар билан ҳар куни, ҳатто билмаган ҳолда ҳам тўқнашади.
Маиший аллергия кўпинча узоқ давом этади ва йил давомида кузатилади. Бунда асосий аломат аллергик ринит бўлиб, у баъзан бронхиал астмага ўтиши мумкин.
Шунингдек, озиқ-овқат аллергияси ҳам кенг тарқалган. У сут, тухум, ёнғоқ, балиқ, денгиз маҳсулотлари, дон маҳсулотлари ва айрим мевалар каби муайян маҳсулотларга нисбатан реакция сифатида юзага келади. Озиқ-овқат қўшимчалари ва консервантлар ҳам аллергия чақириши мумкин. Болаларда бу тур айниқса кўп учрайди, чунки уларнинг иммун ва ҳазм тизими ҳали шаклланиб улгурмаган бўлади. Катта ёшда эса у аввал ўтказилган касалликлар, овқатланиш ўзгариши ёки гормонал ўзгаришлардан кейин илк бор пайдо бўлиши мумкин. Аломатлар терида тошма, қичишиш, лаб ва кўз қовоқларида шиш, қорин оғриғи, кўнгил айниши ёки ичак фаолияти бузилиши кўринишида намоён бўлади. Айрим ҳолларда анафилактик реакция ҳам ривожланиши мумкин — бунда аломатлар одатда маҳсулот истеъмол қилинганидан сўнг дарҳол пайдо бўлади.
Кўпинча беморларда инсект аллергия ҳам аниқланади. У асалари, ари, қовоғари, чивин ёки чумоли каби ҳашаротлар чақиши натижасида юзага келади. Аллергик реакция ҳашаротнинг сўлаги ёки заҳри организмга тушиши билан ривожланади. Кўпчиликда фақат маҳаллий қизариш, шиш ва қичишиш кузатилади. Аллергияси борларда эса реакция кучлироқ бўлиб, заифлик, бош айланиши, нафас қисиши ёки ҳолатнинг кескин ёмонлашиши билан кечиши мумкин. Айниқса бундай аломатларга болалар ва аллергик касалликлари бор одамларда жиддий эътибор қаратиш лозим.
Шунингдек, дори воситаларига аллергия — медикаментларга юқори сезгирлик ҳам учрайди. У кўпинча антибиотиклар, оғриқ қолдирувчи ва яллиғланишга қарши препаратлар, витаминлар ҳамда айрим сурункали касалликлар учун қўлланадиган дорилар таъсирида пайдо бўлади.
Дори аллергияси ҳатто аввал яхши қабул қилинган препаратни қайта қабул қилишда ҳам юзага келиши мумкин. Унинг хавфи шундаки, намоён бўлиши олдиндан аниқ бўлмайди — енгил тери тошмасидан тортиб, шошилинч тиббий ёрдам талаб қиладиган оғир ҳолатларгача етиши мумкин. Шунингдек, айрим ҳолларда вакцина таркибидаги компонентларга (масалан, антибиотиклар, товуқ оқсили ёки ачитқи) сезгирлик бўлса, эмлашдан кейин ҳам аллергик реакция кузатилиши мумкин.
Камроқ ҳолларда ташқи муҳитнинг жисмоний омилларига — совуқ ёки қуёш нурларига аллергик реакциялар учрайди. Масалан, совуққа аллергия паст ҳарорат таъсирида терида қичишувчи қизил пуфакчалар ва шишлар пайдо бўлиши билан намоён бўлади. Қуёшга аллергия (фотодерматоз) эса ультрабинафша нурланишга жавоб сифатида ривожланиб, терида тошмалар ва пуфакчалар пайдо бўлишига олиб келади. Парфюмерия, айрим крем ва малҳамлар терининг сезгирлигини ошириб, айниқса узоқ вақт қуёшда бўлганда аломатларни кучайтириши мумкин.
«Бир инсонда бир вақтнинг ўзида бир нечта аллергия тури бўлиши мумкин. Масалан, ўсимлик чангига ҳам, айрим озиқ-овқат маҳсулотларига ҳам. Шунинг учун аломатлар пайдо бўлганда ўзбошимчалик билан даволанмаслик, балки сабабни аниқлаб, тўғри даволашни танлаш муҳим», — дейди Стефания Кацамаки.
Кўпчилик баҳор-ёз ойларида бурун оқиши, аксириш ва кўз қичишини сезади. Бундай ҳолларда сабаб кўпинча мавсумий аллергия — поллиноз бўлади. У ўсимликлар гуллаш давридаги чангга организм реакцияси сифатида юзага келади.
«Бизнинг минтақада гуллаш мавсуми анча эрта — февраль ўрталаридан бошланиб, бутун баҳор ва ёз давом этади, кузнинг иккинчи ярмида якунланади. Шунинг учун кўпчиликда аллергия аломатлари бир неча ой давомида сақланиб қолади», — дейди мутахассис.
Мавсумий аллергияни кўпинча ўтлар, ёввойи ўсимликлар ва айрим дарахтлар қўзғатади. Ҳар бир ҳудудда аллергенлар тури иқлим ва ўсимликлар таркибига қараб фарқ қилади. Ўзбекистон шароитида энг кенг тарқалган аллергенлар қаторига шувоқ, амброзия, дала ўтлари, чинор, қайин, қандағоч, ўрмон ёнғоғи ва терак киради.
Баъзан мавсумий аллергияни шамоллаш билан адаштиришади. Бироқ улар ўртасида фарқлар бор. Стефания Кацамаки таъкидлашича, аллергияда одатда ҳарорат кўтарилмайди, аммо бурун ва кўзда кучли қичишиш, аксириш ва бурун оқиши ҳафталар давомида сақланиши мумкин. Шамоллаш эса кўпинча иситма ва умумий ҳолсизлик билан кечиб, бир неча кунда ўтиб кетади.
«Аллергия аломатлари қуруқ ва шамолли об-ҳавода кучайиши мумкин, чунки бунда чанг ҳавода фаол тарқалади. Ёмғирдан кейин эса унинг концентрацияси камаяди ва инсон ҳолати вақтинча яхшиланиши мумкин», — деб қўшимча қилди шифокор.
Аллергияни тасдиқлаш ва аниқ аллергенни белгилаш учун шифокорлар бир нечта диагностика усулларидан фойдаланади. Одатда текширув беморни батафсил сўров қилишдан бошланади. Шифокор аломатлар қачон пайдо бўлишини, қайси фаслда кучайишини, уларнинг озиқ-овқат, ҳайвонлар ёки ташқи муҳит омиллари билан боғлиқлигини аниқлайди. Бу маълумотлар аллергия табиатини тахмин қилиш ва кейинги текширув усулларини танлашга ёрдам беради.
Энг кўп қўлланиладиган усуллардан бири — тери аллергопробаларидир. Бу жараёнда, одатда қўл терисига эҳтимолий аллергенларнинг оз миқдори суртилади ва 15−20 дақиқа давомида организм реакцияси кузатилади. Агар қизариш, шиш ёки қичишиш пайдо бўлса, бу муайян моддага сезгирлик борлигини кўрсатади. Бу усул тезкор ва маълумотга бой ҳисобланади, чунки бир вақтнинг ўзида бир нечта аллерген текширилиши мумкин.
Тери тестларидан ташқари, қон таҳлиллари ҳам тайинланиши мумкин. Улар аллергопробалардан фарқли равишда турли аллергенларга нисбатан махсус антитаналар даражасини аниқлаш имконини беради. Бу усул тери тестларини ўтказиш мумкин бўлмаган ҳолатларда — масалан, оғир тери касалликларида, кичик ёшли болаларда ёки айрим дори воситалари қабул қилинаётганда қўлланилади. Сабаб аниқлангандан кейин даволаш белгиланади.
Аллергияни даволаш одатда учта асосий услубни ўз ичига олади. Биринчи навбатда аллерген билан алоқани истисно қилиш ёки имкони борича камайтириш тавсия этилади. Масалан, ўсимлик чангига аллергия бўлганда, нам тозалашни кўпайтириш, гуллаш даврида деразаларни ёпиқ сақлаш, ниқоб ва ҳаво фильтрларидан фойдаланиш тавсия этилади.
Иккинчи усул — симптоматик даволаш. Бунинг учун антигистамин дорилар, гормонал бурун спрейлари, кўз томчилари ва ингаляторлар қўлланилади. Улар қичишиш, бурун оқиши ва шиллиқ қават шиши каби аломатларни енгиллаштиради, аммо касаллик сабабига таъсир қилмайди.
Учинчи ва энг самарали усул — аллерген-специфик иммунотерапия (аллергенга хос иммунотерапия) (АСИТ). У иммун тизимининг реакциясини ўзгартиришга қаратилган. Бу усулда аллергеннинг кичик дозалари шифокор назорати остида аста-секин организмга киритилади. Вақт ўтиши билан унга сезгирлик камайиши, аломатлар эса енгиллашиши мумкин. Аслида, бу иммун тизимини аллергенга «ўргатиш» жараёнидир, шу тариқа унга аста-секнилик билан аллергенга кўникишда ёрдам берилади.
АСИТ аллергия кечишига узоқ муддатли таъсир кўрсата оладиган кам сонли усуллардан бири ҳисобланади. Стефания Кацамакининг айтишича, у узоқ давом этувчи ремиссияга эришиш имконини беради — айрим ҳолларда 10−15 йил давомида аломатлар деярли кузатилмаслиги мумкин. Бироқ бу усул барча беморларга мос келмайди, у фақат ўсимлик чанги, уй чанги, моғор замбуруғлари ёки ҳайвон жуни ва эпителийсига аллергияси тасдиқланганларга тавсия этилади.
Аллергиянинг олдини олиш мумкин эмас, аммо унинг ривожланиш хавфини сезиларли даражада камайтириш мумкин.
«Энг муҳими — болани аллергенлардан яшириш эмас, балки улар билан ўз вақтида таништириш. Масалан, тухум ва ерёнғоқни тахминан олти ойликдан рационга киритиш озиқ-овқат аллергияси хавфини камайтиради. Илк ҳафтада сигир сутига асосланган аралашмалардан воз кечиб, кўкрак сутини устувор қилиш керак. Агар бунинг имкони бўлмаса, юқори даражада гидролиз қилинган оқсилга асосланган аралашмалар тавсия этилади», — деб маслаҳат беради Стефания Кацамаки.
Шифокор, шунингдек, профилактика чоралари қаторига ҳомиладор аёлнинг мувозанатли овқатланиши, етарли миқдорда балиқ истеъмоли, астма билан оғриган ҳомиладорларда D витамини қабул қилиш, асоссиз кесар кесимидан воз кечиш, болаликда антибиотикларни эҳтиёткорлик билан қўллаш ва хавф гуруҳидаги болаларда ҳаётининг илк кунларидан терига намловчи воситаларни мунтазам қўллашни киритади.
Профилактиканинг асосий усулларидан бири — аллергенлар билан алоқани камайтириш. Фаол гуллаш мавсумида ўсимлик чанглари концентрацияси айниқса юқори бўладиган қуруқ ва шамолли об-ҳавода кўчада камроқ бўлиш тавсия этилади. Уйга қайтгач ювиниш, бурунни тозалаш, кийимни алмаштириш ва душ қабул қилиш орқали тери ва сочдаги чанг заррачаларини йўқотиш мумкин.
Доимий нам тозалаш, ҳаво тозалагичлардан фойдаланиш ва хонада оптимал намликни сақлаш уйдаги аллергенлар миқдорини камайтиришда ёрдам беради. Аллергия авж олиш мавсумида хона ҳавосини эрталаб ёки кечқурун шамоллатиш тавсия этилади, бу пайтларда ўсимлик чанглари концентрацияси одатда пастроқ бўлади.
«Энг кўп учрайдиган хатолардан бири — ҳаммаси ўз-ўзидан ўтиб кетади деган ишонч. Аллергияда бундай эмас: ҳар бир мавсумда у кучайиши мумкин. Кўпчилик аллергенни аниқламай, фақат аломатларни босиш билан чекланади. Шунингдек, „жигарни тозалаш“ ёки „қонни тозалаш“ каби самарасиз усуллар ҳам қўлланилади, улар ёрдамида аллергияни организмдан „ювиб чиқариб юбормоқчи“ бўлишади. Энг тўғри йўл — аллерголог шифокорга мурожаат қилиб, индивидуал даволаш ва профилактика чораларини танлаш», — дейди Стефания Кацамаки.
Унинг фикрича, тўғри ёндашув аллергияни назорат қилиш ва ҳатто авж олиш даврида ҳам одатий ҳаёт тарзини сақлаб қолиш имконини беради.