Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 23223 марта ўқилди

5 ёшгача бўлган болалар

Йўловчи ўзи билан 5 ёшдан катта бўлмаган битта болани, унга алоҳида жой берилмаган ҳолда, бепул олиб юриш ҳуқуқига эга. Бола учун бепул чипта ота-онадан бирининг чиптаси асосида расмийлаштирилади.

Агар бир йўловчи билан 5 ёшдан катта бўлмаган бир нечта бола кетаётган бўлса, улардан биттаси бепул, қолганлари эса тариф қийматининг 50 фоизи миқдоридаги чегирма билан ва алоҳида жой берилган ҳолда ташилади.

Иккала ота-она бирга кетаётганда 5 ёшгача бўлган иккинчи болани ҳам алоҳида жойсиз бепул олиб юриш мумкин. Бунда ҳар бир ота-онанинг чиптасига биттадан бепул болалар чиптаси расмийлаштирилади.

5 ёшдан 10 ёшгача бўлган болалар

5 ёшдан 10 ёшгача бўлган болага тариф қийматидан 50 фоиз чегирма берилади ва унга алоҳида жой ажратилади.

10 ёшдан ошган болалар учун чипта катта ёшдаги йўловчилар учун белгиланган тартибда сотиб олинади.

16 ёшгача бўлган болаларнинг катталар ҳамроҳлигисиз йўловчи поездларида юришига йўл қўйилмайди. Мактаб, лицей ёки коллежга бориш учун темир йўл транспортидан фойдаланадиган ўқувчилар бундан мустасно.

Боланинг ёши бўйича шубҳа туғилса, назорат қилувчи шахс туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома ёки ёшни тасдиқловчи бошқа тегишли ҳужжатни талаб қилиши мумкин.

Йилига икки марта бепул юриш ҳуқуқи

Ватан ҳимояси ва эл-юрт тинчлиги йўлида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчининг (ходимнинг) ота-оналари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида темир йўл транспортидан йилига икки марта бепул фойдаланиш ҳуқуқига эга.

Йилига бир марта бепул бориш ва келиш ҳуқуқи

Темир йўл транспортида йилига бир марта бепул бориш ва келиш ҳуқуқи қуйидагиларга берилган:

  • Совет Иттифоқи Қаҳрамонлари ва Шон-шуҳрат орденининг учта даражаси билан тақдирланган шахслар;
  • 1941–1945 йиллардаги урушда I ёки II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар ва уларга тенглаштирилган шахслар;
  • Чернобиль АЭС ҳалокати оқибатида нурланиш касаллигига чалинган ёки уни бошидан кечирган шахслар ҳамда Чернобиль ҳалокати сабабли ногиронлиги бўлган шахслар;
  • ўзгалар парваришига муҳтож кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар, шунингдек уларни кузатувчи шахс;
  • 1941–1945 йиллардаги урушда III гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар ва уларга тенглаштирилган шахслар;
  • 1941–1945 йиллардаги уруш қатнашчилари.

50 фоиз чегирма билан юриш ҳуқуқи

Темир йўл транспортида йилига бир марта бориш ва келиш учун чиптанинг тўлиқ қийматидан 50 фоиз чегирма:

  • 1941–1945 йиллардаги уруш қатнашчиларига тенглаштирилган шахсларга;
  • 1941–1945 йиллардаги урушда I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахс ёки унга тенглаштирилган шахсга ҳамроҳлик қилувчи битта шахсга;
  • собиқ СССРни ҳимоя қилиш ёки ҳарбий хизмат вазифаларини бажариш вақтида ҳалок бўлган айрим ҳарбий хизматчиларнинг ота-оналари ва турмуш ўртоқларига

берилади.

Имтиёз ҳуқуқини электрон тарзда текшириш

Бепул ёки имтиёзли чипта олиш ҳуқуқи ҳақидаги маълумотлар идоралараро электрон ҳамкорлик асосида «Рақамли ҳукумат» тизимининг идоралараро интеграциялашув платформаси орқали «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизимидан олинади.

Агар шахснинг имтиёз ҳуқуқини ушбу электрон маълумотлар орқали аниқлаб бўлмаса, шахс ёки унга ҳамроҳлик қилувчи шахс имтиёз ҳуқуқини тасдиқловчи қўшимча ҳужжатларни тақдим этиши мумкин.

2026 йил 13 августдан 109-сон Қоидалардаги имтиёзлар рўйхати янги таҳрирда амал қилмоқда. 440-сон қарорнинг айрим қўшимча транспорт имтиёзлари эса 2026 йил 1 октябрдан қўлланилади.

Chat