Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 49 марта ўқилди

Солиқ соҳасида малакали кадрлар тайёрланади

“Солиқ соҳасида малакали кадрлар тайёрлашнинг янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–227-сон, 16.06.2026 й.) қабул қилинди.

Маълумот учун: Президентнинг 2026 йил 19 майдаги ПФ–95-сон Фармонига асосан:

▪️ Солиқ қўмитаси ҳузурида Солиқ олий мактаби (Олий мактаб);
▪️ Олий мактаб таркибида Малака ошириш ва компетенцияларни ривожлантириш маркази ҳамда Солиққа оид тадқиқотлар маркази ташкил этилган.

Қарорга кўра, Олий мактабда:
 
♦ 2026/2027 ўқув йилидан ўқиш давомийлиги камида 3 йил бўлган бакалавриат таълим йўналишларига талабгорлар ўқишга қабул қилинади;

♦ 2027/2028 ўқув йилидан магистратура ва олий таълимдан кейинги таълим босқичи жорий этилади.

Олий мактабда солиқлар ва солиққа тортиш, рақамли солиқ маъмурчилиги, солиқ ҳуқуқи ва молиявий назорат каби йўналишларда кадрларни тайёрлаш йўлга қўйилади.

Олий мактаб битирувчиларига давлат намунасидаги диплом билан бирга солиқ маслаҳатчиси ва аудитор малака сертификатини олиш учун ўқув курсларини ўтаганлиги тўғрисидаги ҳужжат берилади.

Бухгалтерия ҳисоби ва аудит соҳасидаги халқаро ташкилотларнинг сертификатларини (ACCA, DipIFR, CAP/CIPA, CIA, AСА) олган Олий мактаб талабаларига ушбу сертификатларни олиш бўйича ўқиш харажатлари Олий мактаб томонидан қопланади.

Мактаб ўқувчилари ўртасида “Солиқ билимдонлари” кўрик-танлови ўтказилади

Қарорга кўра, Солиққа оид тадқиқотлар марказида:

♦ сунъий интеллект йўналиши бўйича рақамли солиқ маъмурчилиги инновацион лабораторияси ташкил этилади;

♦ солиқ соҳасидаги илмий изланишларни умумий мувофиқлаштириш, солиқ ислоҳотларининг иқтисодиётга таъсирини баҳолаш ҳамда “ақл марказлари” билан ҳамкорлик йўлга қўйилади.

2026 йил 1 августдан Олий мактабда солиқ органлари ходимларининг 3 йилда камида 1 марта малака ошириш тизими йўлга қўйилади.

Солиқ органларига 1-марта ишга қабул қилинган (бундан Олий мактаб битирувчилари мустасно) мансабдор шахслар солиқ қонунчилиги ва маъмурчилиги, шунингдек, иш юритишни ташкил этиш асослари бўйича давомийлиги 3 ойгача бўлган махсус мослашишга кўмаклашиш (onboarding) ўқув курсида ўқитилади.

Мактаб, ўрта махсус ва касбий таълим муассасалари ўқувчилари ҳамда олий таълим муассасалари талабалари ўртасида ҳар йили “Солиқ билимдонлари” кўрик-танловлари ўтказилади.

“Солиқ билимдонлари” кўрик-танловининг республика босқичи ғолиблари уларнинг ихтиёрига кўра Олий мактабга имтиёзли йўлланма асосида ўқишга қабул қилинади.

Chat