Янги тартибни назарда тутувчи идоравий ҳужжат Адлия вазирлиги томонидан 2026 йил 14 сентябрда 3939-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилди ва шу кундан кучга кирди.
Текширув гиёҳвандлик воситаларини истеъмол қилиш ҳолатларини барвақт аниқлаш мақсадида Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази ва унинг ҳудудий филиалларида амалга оширилади.
Муддатли ҳарбий хизматга чақирилаётган фуқаролар текширувдан ҳудудий ҳарбий-врачлик комиссиясига юборилишидан олдин, контракт бўйича хизматга қабул қилинаётганлар эса ҳарбий-тиббий муассасада тиббий кўрикдан ўтишидан олдин ўтказилади.
Текширув икки босқичда амалга оширилади: дастлаб сийдик намунаси экспресс-тестдан ўтказилади. Натижа ижобий бўлса, сийдик ва (ёки) қон намуналари масс-спектрометрик усулда текширилади.
Агар текширув натижаси ижобий чиқса ёки фуқаро зарур биологик намуналарни тақдим этишдан бош тортса, у ҳарбий-врачлик кўригидан ўтказишга қўйилмайди.
Шунингдек, текширув жараёнида олинган шахсий маълумотлар, биологик намуналар ва таҳлил натижаларининг махфийлиги таъминланади.
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардия ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг қўшма қарори — рўйхат рақами 3939, 2026 йил 14 сентябрь.