Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 30 марта ўқилди

Ўзбекистонда давлат органлари ва ташкилотларидаги маъмурий маълумотларни ягона ёндашув асосида бошқариш учун Маълумотларни бошқариш комиссияси ташкил этилади. Янги тизим маълумотларнинг сифати, ўзаро мувофиқлиги ва қайта фойдаланиш имкониятини оширишга қаратилган.


Президентнинг ПФ–190-сон Фармони билан давлат органлари ва ташкилотларида шаклланадиган маъмурий маълумотларни бошқариш тизимини такомиллаштириш чоралари белгиланди.

Маъмурий маълумотлар расмий статистикани шакллантиришда муҳим манба ҳисобланади. Бироқ уларнинг турли услубият ва форматларда юритилиши маълумот базаларини ўзаро интеграция қилиш ҳамда статистик мақсадларда самарали фойдаланишни қийинлаштирмоқда.

Шу муносабат билан Маълумотларни бошқариш комиссияси ташкил этилади. Миллий статистика қўмитаси Комиссиянинг ишчи органи этиб белгиланади.

Комиссия давлат органларида маълумотларни бошқариш бўйича ягона ёндашувларни жорий этади, маъмурий маълумотларнинг сифати, тўлиқлиги ва долзарблигини таъминлаш, маълумотлар базаларини интеграция қилиш ҳамда такрорий ёки бир-бирига зид маълумотларни аниқлаш ишларини мувофиқлаштиради.

Шунингдек, маълумотларни йиғиш, сақлаш, қайта ишлаш ва давлат органлари ўртасида алмашиш жараёнларини такомиллаштириш ҳам Комиссиянинг асосий вазифаларидан бири бўлади.

Янги тизимнинг мақсади маълумотларни янада кўпроқ йиғиш эмас, балки давлат органларида аллақачон мавжуд бўлган маълумотларни сифатли, ўзаро мувофиқ ва қайта фойдаланиш мумкин бўлган ҳолатга келтиришдан иборат.

Фармон билан аниқ муддатлар ҳам белгиланган. Уч ой ичида Комиссия тўғрисидаги низом ишлаб чиқилиб, Вазирлар Маҳкамасига киритилади.

2026 йил 1 декабрга қадар Комиссия таркибига киритилган давлат органлари ва ташкилотларида маълумотларни бошқариш ҳолати тўлиқ хатловдан ўтказилади.

2027 йил 1 майга қадар хатлов натижалари асосида маълумотларни бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилади.

2027 йил 1 июлга қадар эса маъмурий маълумотлар услубиятининг халқаро тавсиялар ва белгиланган сифат талабларига мувофиқлигини ҳар икки йилда бир марта аудитдан ўтказиш тартиби жорий этилади.

Комиссия ўз фаолияти ва маъмурий маълумотларнинг услубияти ҳамда сифати бўйича ўтказилган аудит натижалари тўғрисида Республика статистика кенгашига ҳар чорак якуни бўйича ахборот киритиб боради.

Бу аҳоли ва тадбиркорлардан бир хил маълумотларни қайта-қайта сўраш ҳолатларини камайтириш ва расмий статистикада мавжуд маъмурий маълумотлардан кенгроқ фойдаланиш учун замин яратади.

Ҳуқуқий асослар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 10 сентябрдаги ПФ–190-сон Фармони. Ҳужжат 2026 йил 12 сентябрдан кучга кирган.

Chat