Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 38 марта ўқилди

Ўзбекистонда меҳнат жамоаларида хавфсиз ва ҳурматга асосланган муҳитни таъминлаш бўйича махсус дастур босқичма-босқич жорий этилади. Давлат ташкилотларида тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари бўйича онлайн мурожаат қилиш имконини берувчи алоҳида портал ҳам ишга туширилади.


Президентнинг 2026 йил 21 сентябрдаги ПҚ–345-сон қарори билан меҳнат соҳасида хавфсиз ва ҳурматга асосланган иш муҳитини таъминлашга қаратилган янги механизмлар белгиланди.

Янги дастур давлат органлари ва ташкилотлари, давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар, шунингдек, мулкчилик шаклидан қатъи назар бошқа корхона, ташкилот ва муассасаларда босқичма-босқич жорий этилиши назарда тутилган.

Тазйиқ ва зўравонлик бўйича онлайн мурожаат қилиш мумкин бўлади

2026 йил 1 декабрга қадар давлат органлари ва ташкилотлари учун «Хавфсиз ва ҳурматга асосланган иш муҳити» ахборот портали ишга туширилиши белгиланган.

Портал орқали ходимлар иш жойидаги тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари ҳақида онлайн мурожаат юбориши мумкин бўлади.

Агар мурожаат портал учун масъул ходим, унинг бевосита раҳбари ёки ташкилот мансабдор шахсига тааллуқли бўлса, мурожаат автоматик равишда юқори турувчи инстанцияга юборилади.

Текширув ўтказиш, далилларни йиғиш, хулоса тайёрлаш, ахборот алмашиш ва мурожаатчи билан мулоқот қилиш жараёнларини ҳам портал орқали амалга ошириш режалаштирилган.

Текширув натижалари, кўрилган чоралар ва уларга киритилган ўзгартишларга оид маълумотлар тизимда сақланади ва уларни йўқ қилишга йўл қўйилмайди.

Агар мурожаатда маъмурий ҳуқуқбузарлик ёки жиноят аломатлари аниқланса, у «112» ягона диспетчерлик хизмати орқали ваколатли органга юборилиши назарда тутилган.

Қоидабузарликларни бартараф этиш бўйича мажбурий тақдимнома

Бошқарув самарадорлиги агентлиги давлат органлари ва ташкилотларида дастур талабларининг бир хил ва тўғри бажарилишини портал орқали мониторинг қилади.

Аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш учун Агентлик кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимнома киритиш ҳуқуқига эга бўлади.

Қайси ҳаракатлар меҳнат интизомини қўпол бузиш ҳисобланиши мумкин?

Ташкилотларга ички меҳнат тартиби қоидаларида қонунчиликда белгиланган тартибда аниқланган жинсий ёки жисмоний зўравонлик ва шаҳвоний шилқимлик ҳолатларини меҳнат мажбуриятларини бир марта қўпол бузиш сифатида белгилаш тавсия этилган.

Шунингдек, ходим томонидан ёки ходимга нисбатан содир этилган тазйиқ, руҳий босим, камситиш, шунингдек, мурожаат қилгани учун таъқиб қилиш ҳолатларини меҳнат интизомини бузиш деб баҳолаш тавсия қилинган.

Янги тизимнинг асосий мақсади — ходимнинг иш жойида таҳдид, босим, камситиш ёки зўравонликдан ҳимояланган ҳолда фаолият юритишини таъминлаш ва мурожаатларни ёпиқ қолдирмасдан расмий тартибда кўриб чиқиш механизмларини яратиш.

Ҳуқуқий асослар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 21 сентябрдаги ПҚ–345-сон «Меҳнат соҳасида хавфсиз ва ҳурматга асосланган иш муҳитини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори.

Chat