Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 23608 марта ўқилди

Изоляция талаб этиладиган беморни ташиш

Изоляция талаб этиладиган бемор темир йўлда:

  • кузатувчи шахс ҳамроҳлигида;
  • бошқа йўловчилардан ажратилган купеда;
  • купедаги барча жойлар қиймати тўланган ҳолда ташилади.

Купеда бемор ва кузатувчиларнинг ҳақиқий сонидан қатъи назар, барча жойлар учун тўлиқ ҳақ тўланади.

Алоҳида купе тайёрланиши учун ташишни ташкил қилаётган жисмоний ёки юридик шахс поезд жўнашидан камида 5 кун олдин талабнома бериши керак.

Санитария талаблари

Беморни ташиш ҳудудий санитария-эпидемиология хизмати хабардор қилинган ҳолда ва санитария-эпидемиология меъёрларига мувофиқ ташкил этилади.

Бемор учун ажратилган купе:

  • вагоннинг ишламайдиган тамбури томонидаги энг чекка купе бўлиши;
  • бемор ва кузатувчи учун вагоннинг шу томонидаги санитария узели бириктирилиши керак.

Йўл давомида беморнинг купедан чиқиши, кузатувчининг эса вагондан ташқарига, жумладан вагон-ресторан ёки купе-буфетга чиқишига йўл қўйилмайди.

Майитни ташиш

Майит солинган тобут:

  • багаж ёки почта-багаж вагонида ёхуд уларнинг тегишли бўлмасида;
  • йўлда бошқа вагонга қайта ортмасдан;
  • кузатувчи шахс ҳамроҳлигида ташилади.

Тобутни жўнаш станциясига топширишда тегишли ваколатли органнинг ташишга рухсатномаси тақдим этилиши керак.

Майит солинган тобут кузатувчисиз ташишга қабул қилинмайди. Кузатувчи йўловчи поездида боради ва алоҳида йўловчи чиптасига эга бўлиши шарт.

Тобутга қўйиладиган талаблар

Майитнинг жасади:

  • пухта кавшарланган металл тобутга;
  • металл тобут эса ёғоч қутига жойлаштирилиши керак.

Ёғоч қутидаги бўш жойлар қипиқ, кўмир, торф, оҳак ёки бошқа тегишли материал билан тўлдирилади.

Ташиш ҳақи

Майит солинган тобутни багаж ёки почта-багаж вагонида ташиш учун ҳақ 300 килограмм багаж тарифи бўйича ҳисобланади.

Хок солинган урнани багаж вагонида ташиш учун ҳақ 100 килограмм багаж тарифи бўйича ҳисобланади.

Агар кузатувчи йўлда поезддан қолиб кетса, тобутни белгиланган манзилга етказиш тўхтатиб турилмайди.

Беморлар ва майитларни темир йўлда ташиш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 13 апрелдаги 109-сон қарори билан белгиланган.

Chat