Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 8211 марта ўқилди

Чиптасиз деб ҳисобланадиган ҳолатлар

Йўловчи қуйидаги ҳолларда чиптасиз деб ҳисобланиши мумкин:

  • чиптаси мавжуд бўлмаса;
  • чиптадаги фамилия ёки бошқа шахсий маълумотлар шахсни тасдиқловчи ҳужжатга мувофиқ келмаса;
  • чиптага ўзгартириш ёки тузатиш киритилган бўлса;
  • имтиёзли чиптадан фойдаланиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат мавжуд бўлмаса.

Поездда йўловчи чиптаси билан бирга шахсни тасдиқловчи ҳужжатни ҳам сақлаши ва назорат вақтида тақдим этиши керак.

Болалар чиптасини текшириш

Бепул ёки болалар чиптаси билан кетаётган боланинг ёшига шубҳа туғилса, назоратчи:

  • туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома;
  • ота-онасининг паспортидаги маълумот;
  • боланинг ёшини тасдиқловчи бошқа ҳужжатни талаб қилиши мумкин.

Агар биринчи текширув вақтида боланинг ёши бўйича эътироз бўлмаган бўлса, кейинги текширувларда шу масала бўйича қайта баҳсга йўл қўйилмайди.

Чиптасиз юриш учун жарима

Чиптасиз юриш учун маъмурий жарима:

  • шаҳар атрофига қатнайдиган поездда — БҲМнинг бешдан бир қисми;
  • маҳаллий ёки узоқ масофага қатнайдиган поездда — 2 БҲМ миқдорида белгиланган.

Шаҳар атрофи, маҳаллий ёки узоқ масофага қатнайдиган поездда 5 ёшдан 10 ёшгача бўлган болани чиптасиз олиб юриш БҲМнинг бешдан бир қисми миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Жарима тўлаш йўл ҳақини тўлашдан озод қилмайди. Чиптасиз йўловчидан жарима билан бирга ўтирган жойидан манзил ёки бошқа поездга ўтиш станциясигача бўлган чиптанинг тўлиқ қиймати ҳам ундирилади.

Агар чиптасиз йўловчи поезддан тушишини билдирса, у жаримадан ташқари ўтирган жойидан энг яқин станциягача бўлган тўлиқ йўл ҳақини тўлайди.

Йўловчини поезддан тушириш

Йўловчини аҳоли пунктларидан узоқда жойлашган станцияда поезддан мажбуран туширишга йўл қўйилмайди.

Чиптани расмийлаштириш технологияси ташувчининг айби билан бузилган бўлса, чипта олиб қўйилиб, далолатнома билан хизмат текширувига юборилади. Йўловчи эса манзил станциясигача ҳаракатини давом эттиради.

Нотўғри поездга чиқилганда

Йўловчи адашиб чиптасида кўрсатилган йўналишдан бошқа поездга чиқса:

  • энг яқин станцияда тушиши;
  • поезд бригадири тузган далолатнома асосида асосий ўтириш станциясига бепул қайтиши мумкин.

Бундай ҳолда йўловчидан жарима ундирилмайди.

Чиптадаги санадан олдинги поездга чиққан йўловчи поезддан туширилмайди. У поезд етарлича тўхтайдиган биринчи станцияда аввалги чиптасини қайтариб, ўзи кетаётган поездга янги чипта расмийлаштириши керак.

Бошқа тоифадаги вагонга чиқилганда

Йўловчи чиптасида кўрсатилганидан юқори тоифадаги вагонга чиққан бўлса:

  • ўз чиптасига мос вагонга ўтиши;
  • ёки бўш жой мавжуд бўлса, тегишли қўшимча ҳақни тўлаб шу вагонда қолиши мумкин.

Бу ҳолатнинг ўзи учун жарима ундирилмайди.

Қалбаки ёки бошқа шахсга тегишли чипта

Қалбаки ёки бошқа шахсга тегишли чипта билан аниқланган йўловчи, жарима ундирилганидан қатъи назар, йўналишдаги энг яқин станцияда транспорт ички ишлар органига топширилади.

Ушбу ҳолат бўйича поезд бригадири далолатнома тузади.

Чипталарни назорат қилиш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 13 апрелдаги 109-сон қарори, чиптасиз юриш учун жарималар эса Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 144-моддаси билан белгиланган.

Chat