Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 50549 марта ўқилди

Қандай ҳолатда судга бормасдан ажрашиш мумкин?

Эр-хотин ўзаро никоҳдан ажратишга рози бўлса ва уларнинг вояга етмаган умумий фарзандлари бўлмаса, никоҳ ФҲДЁ органида бекор қилиниши мумкин.

Бунда эр-хотин ўртасида умумий мол-мулкни бўлиш ёки муҳтож меҳнатга лаёқатсиз турмуш ўртоғига таъминот бериш юзасидан ҳал қилиниши лозим бўлган низо мавжуд бўлмаслиги керак. Бундай низолар бўлса, масала суд тартибида кўрилади.

Агар хотин ҳомиладор бўлса, ўзаро розилик асосида ФҲДЁ орқали никоҳдан ажратиш ҳақидаги ариза қабул қилинмайди.

Ариза қаерга ва қандай берилади?

Эр-хотин никоҳдан ажратиш ҳақида биргаликда ариза беради. Никоҳни давлат рўйхатидан ўтказиш эр-хотиннинг доимий ёки вақтинча яшаш жойида рўйхатдан ўтган-ўтмаганидан қатъи назар амалга оширилади.

Агар эр ёки хотиндан бири ариза бериш учун ФҲДЁ органига кела олмаса, белгиланган ҳолатда иккинчи томон уларнинг биргаликдаги аризасини тақдим этиши мумкин. Кела олмаган шахснинг имзоси нотариал тартибда ёки қоидаларда белгиланган бошқа тартибда тасдиқланиши керак.

Ўзбекистон ФҲДЁ органларида қайд этилган никоҳ бўйича аризани Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ҳам бериш мумкин. Бунда ҳар икки томоннинг розилиги Face-ID ёки MyID орқали тасдиқланади.

Никоҳ қачон ажратилади?

Никоҳдан ажратиш ариза берилган кундан бошлаб 3 ой ўтгач ФҲДЁ органида қайд этилади.

ФҲДЁ органи ариза қабул қилинганидан кейин 3 кун ичида эр-хотин яшайдиган жойдаги фуқаролар йиғинининг оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш комиссиясини хабардор қилади.

Давлат божи қанча?

Вояга етмаган фарзандлари бўлмаган эр-хотиннинг ўзаро розилиги асосида никоҳдан ажратишни қайд этиш учун 1,5 БҲМ миқдорида давлат божи ундирилади. Бож эр-хотиндан бири ёки уларнинг келишувига кўра ҳар иккисидан ундирилиши мумкин.

ЯИДХП орқали мустақил мурожаат қилинганда белгиланган давлат божи ва йиғимлар суммасининг 90 фоизи ундирилади.

Никоҳдан ажратиш қайд этилгандан кейин ҳар бир собиқ турмуш ўртоғига никоҳдан ажралганлик ҳақида гувоҳнома берилади.

Chat