Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 28967 марта ўқилди

Электрон рақамли имзо калитининг сертификати электрон ҳужжатларни имзолаш, давлат ва банк хизматларидан фойдаланиш ҳамда имзо эгасини идентификация қилиш имконини беради.

Мурожаат қилиш усуллари

Жисмоний ва юридик шахслар:

  • Давлат хизматлари марказига бевосита;
  • Ягона интерактив давлат хизматлари портали;
  • расмий ахборот ресурси орқали мурожаат қилиши мумкин.

Давлат хизматлари маркази ёки онлайн ресурс орқали мурожаатда шахс ва тақдим этилган маълумотлар Face-ID ёрдамида тасдиқланади.

Юридик шахснинг раҳбари онлайн мурожаат қилиши мумкин. Юридик шахснинг бошқа вакили Давлат хизматлари марказига бевосита мурожаат қилиб, ташкилотнинг тегишли хати ёки ишончномасини тақдим этади.

Йиғим миқдори

ЭРИ калити сертификатини бериш учун:

  • юридик шахслар ва юридик шахс ташкил этмаган тадбиркорлик субъектларидан — БҲМнинг 10 фоизи;
  • жисмоний шахслардан — БҲМнинг 7 фоизи ундирилади.

Ягона портал орқали мурожаат қилинганда белгиланган йиғимнинг 90 фоизи тўланади.

Айрим ўқувчилар ҳамда «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»да турган фуқароларга сертификат бепул берилади. Ижтимоий реестрдаги айрим тоифалар ва I–II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга белгиланган тартибда чегирмалар қўлланилади.

Кўриб чиқиш муддати

Онлайн келиб тушган маълумотлар ваколатли органнинг ахборот тизимида кўриб чиқилиб, сертификат реал вақт режимида расмийлаштирилади ёки асосланган рад жавоби берилади.

Муҳим! ЭРИ ёпиқ калитининг паролини бошқа шахсларга, шу жумладан давлат органи ходимига бериш мумкин эмас. Давлат хизматлари маркази ходимининг мазкур паролни сўраши тақиқланган.

Chat