Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 25315 марта ўқилди

Боланинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш

Ҳар бир бола ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга.

Боланинг ҳуқуқларини, биринчи навбатда, унинг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар ҳимоя қилади. Қонунда назарда тутилган ҳолларда ҳимоя васийлик ва ҳомийлик органи, прокурор ва суд томонидан амалга оширилади.

Қонунга мувофиқ тўла муомала лаёқатига эга деб эътироф этилган вояга етмаган шахс ўз ҳуқуқларини, шу жумладан ҳимоя ҳуқуқини мустақил амалга оширади.

Ота-она томонидан ҳуқуқлар бузилганда

Бола ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг суиистеъмолликлари, зўравонлиги, шафқатсиз муомаласи ва мажбуриятларни бажармаслигидан ҳимояланиш ҳуқуқига эга.

Агар ота-она:

  • болани тарбиялаш ёки таълим бериш мажбуриятини бажармаса;
  • ота-оналик ҳуқуқини суиистеъмол қилса;
  • болага нисбатан зўравонлик ёки шафқатсиз муомала қилса;
  • боланинг бошқа ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини бузса, бола васийлик ва ҳомийлик органига мустақил мурожаат қилиши мумкин.

Бола ўн тўрт ёшга тўлгандан кейин мустақил равишда судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Болалар омбудсманига мурожаат қилиш

Бола ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги юзасидан Болалар омбудсманига шикоят бериши мумкин.

Боланинг тўлиқ муомала лаёқатига эга эмаслиги унинг шикоятини кўриб чиқмаслик учун асос бўлмайди. Бундай шикоят учун давлат божи ундирилмайди.

Бошқа шахсларнинг мажбурияти

Боланинг ҳаёти ёки соғлиғига хавф туғилганлиги ёхуд унинг ҳуқуқлари бузилганлигидан хабардор бўлган ҳар қандай шахс бу ҳақда бола айни пайтда яшаб турган жойдаги васийлик ва ҳомийлик органига хабар бериши шарт.

Маълумотни олган орган боланинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун зарур чораларни кўриши керак.

Боланинг ҳаёти ёки соғлиғига бевосита хавф мавжуд бўлса, мурожаатни кечиктирмасдан ички ишлар органларига ёки бошқа тезкор хизматларга ҳам хабар бериш лозим.

Материал Ўзбекистон Республикасининг Оила кодекси, «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонун ва «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) тўғрисида»ги Қонун асосида тайёрланди.

Chat