Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 58031 марта ўқилди

Ўн олти ёшгача ўзгартириш

Бола ўн олти ёшга тўлгунга қадар унинг исми ёки фамилияси ота-онанинг биргаликдаги аризаси асосида ўзгартирилиши мумкин.

ФҲДЁ органи боланинг манфаатларини ҳисобга олиб:

  • унинг исмини ўзгартиришга;
  • фамилиясини отасининг фамилиясига;
  • фамилиясини онасининг фамилиясига ўзгартиришга ҳақли.

Ўн ёшга тўлган боланинг исми ёки фамилияси фақат унинг розилиги билан ўзгартирилади.

Ота-онанинг хоҳиши боланинг манфаатларига зид бўлса, исм ёки фамилияни ўзгартиришга йўл қўйилмайди.

Ота-она алоҳида яшаганда

Агар ота-она алоҳида яшаса ва бола билан бирга яшаётган ота ёки она унга ўз фамилиясини беришни хоҳласа, масала васийлик ва ҳомийлик органи томонидан ҳал қилинади.

Бунда боланинг манфаатлари ва иккинчи ота-онанинг фикри ҳисобга олинади.

Иккинчи ота-онанинг фикрини қуйидаги ҳолларда ҳисобга олиш шарт эмас:

  • унинг турган жойини аниқлаш мумкин бўлмаса;
  • у ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган бўлса;
  • муомалага лаёқатсиз деб топилган бўлса;
  • болани таъминлаш ва тарбиялаш мажбуриятларини узрсиз бажармаса.

Оталик белгиланмаган ҳолат

Агар бола никоҳда бўлмаган шахслардан туғилган ва оталик қонуний тартибда белгиланмаган бўлса, васийлик ва ҳомийлик органи боланинг манфаатларини ҳисобга олиб, унинг фамилиясини онасининг мурожаат вақтидаги фамилиясига ўзгартиришга рухсат бериши мумкин.

Ўн олти ёшдан кейин мурожаат қилиш

Шахс ўн олти ёшга тўлгандан кейин фамилияси, исми ва ота исмини ўзгартириш ҳақида мустақил ариза беради.

2026 йил 5 майдан бошлаб бундай ариза шахснинг яшаш ёки турган жойи бўйича рўйхатдан ўтган манзилидан қатъи назар исталган ФҲДЁ органи томонидан кўриб чиқилади.

Агар шахс ҳали ID-карта ёки бошқа шахсни тасдиқловчи ҳужжат олмаган бўлса, аризага туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома илова қилинади.

Материал Ўзбекистон Республикасининг Оила кодекси ва Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 20 октябрдаги 550-сон қарори асосида тайёрланди.

Chat