Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 64784 марта ўқилди

Ота-она қаровидан маҳрум болаларга ғамхўрлик кучайтирилади

Ота-онанинг болани таъминлаш мажбурияти

Ота-она вояга етмаган болаларини таъминлаши шарт. Болаларни таъминлаш тартиби ва шаклини ота-она ўзаро келишув асосида белгилаши мумкин, бироқ бундай келишув қонун талабларига ва боланинг манфаатларига зид бўлмаслиги керак.

Агар ота ёки она бу мажбуриятни ихтиёрий бажармаса, алимент суднинг ҳал қилув қарори ёки суд буйруғи асосида ундирилади. Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинганлик ҳам болага таъминот бериш мажбуриятидан озод қилмайди.

Болани таъминлаш ота-онанинг мажбурияти ҳисобланади. Ота-онанинг алоҳида яшаши ёки ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилингани алимент тўлаш мажбуриятини бекор қилмайди.

Алимент миқдори қанча?

Агар ота-она ўртасида алимент тўлаш тўғрисида келишув бўлмаса, суд ҳар ойда ота-онанинг иш ҳақи ва бошқа даромадидан:

  • бир бола учун — 1/4 қисмини;
  • икки бола учун — 1/3 қисмини;
  • уч ва ундан ортиқ бола учун — 1/2 қисмини алимент сифатида ундириши мумкин.

Суд тарафларнинг моддий ёки оилавий аҳволини ва бошқа эътиборга лойиқ ҳолатларни ҳисобга олиб, ушбу миқдорларни камайтириши ёки кўпайтириши мумкин.

Ҳар бир бола учун ундириладиган алимент миқдори қонунчиликда белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 26,5 фоизидан кам бўлмаслиги керак.

Даромад доимий бўлмаса нима бўлади?

Алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг иш ҳақи ёки бошқа даромади доимий бўлмаса, ўзгариб турса, даромадининг бир қисмини натура шаклида олса, расман белгиланган иш ҳақи ёки даромади бўлмаса ёхуд алиментни даромаддан улуш тарзида ундириш имкони бўлмаса, суд алиментни ҳар ойда тўланадиган қатъий пул суммасида белгилаши мумкин.

Алимент Ўзбекистон ҳудудида ва унинг ташқарисида пул ёки натура шаклида олинган даромадлардан ушлаб қолинади. Чет эл валютасидаги даромад алимент ундириладиган кундаги Марказий банкнинг расмий курси бўйича сўмда ҳисобланади.

Ким судга мурожаат қилиши мумкин?

Агар алимент ихтиёрий тўланмаса, бола билан яшаётган ота ёки она уни ундириш учун судга мурожаат қилиши мумкин.

Ота-онадан бирортаси ҳам судга мурожаат қилмаган бўлса, васийлик ва ҳомийлик органи, шунингдек 14 ёшга тўлган бола вояга етмаган бола таъминоти учун алимент ундиришни талаб қилиши мумкин.

Алимент ундириш тўғрисидаги даъво жавобгарнинг яшаш жойидаги судга, шунингдек даъвогарнинг танловига кўра ўзи яшаб турган жойдаги судга ҳам берилиши мумкин. Алимент ундириш тўғрисидаги даъволар бўйича даъвогар давлат божини тўлашдан озод қилинади.

Алимент тўланмаётган бўлса, уни ундириш учун бола вояга етгунини кутиш шарт эмас. Қонунда белгиланган шахслар судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Chat