Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 16952 марта ўқилди

Қачон алимент миқдорини қайта белгилаш мумкин?

Агар бошқа-бошқа ота-онадан туғилган вояга етмаган болалар учун суднинг бир нечта ҳал қилув қарорлари ёки суд буйруқлари асосида бир ота ёки онадан алимент ундирилаётган бўлса ва унинг умумий миқдори қонунда белгиланган миқдордан ошиб кетса, алимент тўловчи ҳар бир алимент олувчига нисбатан алимент миқдорини тегишлича камайтириш тўғрисида судга даъво киритиши мумкин.

Оила кодексига мувофиқ, одатда вояга етмаган болалар учун:

  • бир болага — даромаднинг 1/4 қисми;
  • икки болага — 1/3 қисми;
  • уч ва ундан ортиқ болага — 1/2 қисми миқдорида алимент ундирилади.

Бир нечта суд ҳужжати бўйича алимент ундирилаётгани алиментнинг умумий миқдори чекловсиз ошиб бораверади дегани эмас. Қонунда назарда тутилган умумий миқдордан ошганда масала суд томонидан қайта кўриб чиқилиши мумкин.

Суд янги миқдорни қандай белгилайди?

Суд мавжуд барча суд ҳужжатлари бўйича тўланиши лозим бўлган алиментларни ҳисобга олиб, Оила кодексида белгиланган умумий миқдордан келиб чиққан ҳолда болаларнинг ҳар бирига тегишли тенг улушдаги янги алимент миқдорини белгилайди.

Бу масала барча алимент олувчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига таъсир қилгани учун ишни кўришда барча ундирувчилар жалб қилиниши шарт.

Қаерга мурожаат қилинади?

Алимент миқдорини камайтириш тўғрисидаги даъво жавобгар доимий яшаб турган ёки доимий машғул бўлган жойдаги судга берилади.

Суд алиментнинг янги миқдорини белгиласа, янги миқдордаги алимент тегишли ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган кундан бошлаб ундирилади.

Камайтиришга асос бўлган ҳолат тугаса нима бўлади?

Агар алимент миқдорини камайтиришга асос бўлган ҳолатлар кейинчалик тугаса, вояга етмаган бола учун алимент олаётган шахс алиментни қонунда назарда тутилган миқдорда қайта ундиришни талаб қилиб судга мурожаат қилиши мумкин.

Алиментнинг аввал белгиланган миқдори ўз-ўзидан ўзгармайди. Уни камайтириш ёки қайта тиклаш суд тартибида амалга оширилади.

Chat