Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 108089 марта ўқилди

Чет давлатга кетишда алимент тўлаш мажбурияти

Алимент тўлаши шарт бўлган шахс доимий яшаш учун ёки уч ойдан ортиқ муддатга чет давлатга кетаётган бўлса, қонунга мувофиқ ўзи таъминот бериши лозим бўлган алимент олувчи билан алимент тўлаш тўғрисида келишув тузиши шарт.

Чет давлатга кетиш алимент тўлаш мажбуриятини бекор қилмайди. Алимент тўловчи алиментнинг миқдори, тўлаш усули ва муддатларини олдиндан ҳал қилиши лозим.

Алимент тўлаш тўғрисидаги келишув

Алимент тўлаш тўғрисидаги келишув ёзма шаклда тузилади ва нотариал тартибда тасдиқланади. Нотариал тасдиқланган келишув ижро варақаси кучига эга.

Келишувда алимент қуйидаги усулларда тўланиши назарда тутилиши мумкин:

  • алимент тўловчининг иш ҳақи ёки бошқа даромадига нисбатан улушда;
  • вақти-вақти билан тўланадиган қатъий пул суммасида;
  • бир йўла тўланадиган қатъий пул суммасида;
  • муайян мол-мулкни алимент ҳисобига бериш орқали;
  • тарафлар келишган бошқа усулларда.

Вояга етмаган бола учун келишувда белгиланадиган алимент миқдори бола суд тартибида алимент ундирганда олиши мумкин бўлган миқдордан кам бўлмаслиги керак.

Агар тарафлар келишувга эриша олмаса, манфаатдор шахс алиментни қатъий пул суммасида белгилаш, бир йўла тўлаш, алимент ҳисобига муайян мол-мулк бериш ёки алиментни бошқа усулда тўлаш тўғрисидаги талаб билан судга мурожаат қилиши мумкин.

Алиментни олдиндан тўлаш

Вояга етмаган болалар таъминоти учун алимент олдиндан тўланган бўлса, алимент тўловчи чет давлатга кетиш муносабати билан алоҳида алимент келишуви тузиш мажбуриятидан озод этилади.

Алиментни олдиндан тўлаш бола вояга етгунига қадар бўлган ҳар қандай давр учун, қоида тариқасида, камида беш йилга амалга оширилади. Агар боланинг вояга етишига беш йилдан кам вақт қолган бўлса, алимент қолган давр учун олдиндан тўланади.

Алиментни олдиндан тўлаш фақат алимент бўйича қарздорлик мавжуд бўлмаган тақдирда амалга оширилади.

Агар алимент иш ҳақи ёки бошқа даромадга нисбатан улушда белгиланган бўлса, олдиндан тўлаш кейинги даврда алимент тўловчининг даромади кўпайиши натижасида юзага келадиган қўшимча алимент суммасини тўлашдан озод қилмайди.

Мажбурий ижро бюросига мурожаат қилиш

Ижро ҳужжати давлат ижрочиси иш юритувида бўлса, алимент тўловчи ижро ишини юритаётган Мажбурий ижро бюросининг туман ёки шаҳар бўлимига қуйидагиларни олиш учун ариза беради:

  • алимент тўловлари бўйича қарздорлик мавжуд эмаслиги ҳақида маълумотнома;
  • олдиндан тўланадиган алимент суммасини ҳисоблаш тўғрисидаги давлат ижрочиси қарори.

Ариза электрон почта орқали ҳам берилиши мумкин. Аризада алимент олдиндан тўланадиган давр кўрсатилади. Унга аввалги даврларда тўланган ёки ушлаб қолинган алимент суммалари, иш ҳақи ва бошқа даромадлар, шу жумладан чет элда олинган даромадларни тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади.

Ариза етти иш кунида кўриб чиқилади. Ҳужжатларни қўшимча ўрганиш талаб этилганда кўриб чиқиш муддати ўн беш иш кунигача узайтирилиши мумкин.

Судга мурожаат қилиш

Давлат ижрочисининг ҳисоб-китоби ва қарздорлик мавжуд эмаслиги ҳақидаги маълумотнома олингач, алимент тўловчи ижро ҳужжатини берган судга ижро усули ва тартибини алиментни олдиндан тўлашга ўзгартириш ҳақида ариза беради.

Агар алимент нотариал тасдиқланган келишув асосида ундирилаётган бўлса, ариза ижро ишини юритаётган Мажбурий ижро бюроси бўлими жойлашган ҳудуддаги фуқаролик ишлари бўйича судга берилади.

Аризада алиментни умумий тартибда тўлашга тўсқинлик қиладиган объектив ҳолатлар, масалан, чет давлатга кетиш ҳақидаги таклифнома ёки чет элда ишлашга тайинланганлик тўғрисидаги ҳужжат кўрсатилади.

Суд аризани қаноатлантирса, алиментнинг олдиндан тўланадиган суммаси, тўлов даври ва тўлиқ тўлаш муддати ажримда белгиланади. Суд ажримига мувофиқ алиментнинг тўлиқ суммаси тўланиши ёки алимент ҳисобига мол-мулк топширилиши ўн иш кунидан кечиктирмай амалга оширилади.

Алимент мажбуриятини гаров билан таъминлаш

Алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш учун гаров шартномаси тузилиши мумкин. Гаров шартномаси нотариал тасдиқланиши шарт.

Гаров қиймати қонунчиликда белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз эллик бараваридан кам бўлмаслиги лозим. Гаров бериш ҳам фақат алимент бўйича қарздорлик мавжуд бўлмаган тақдирда амалга оширилади.

Ижро ҳужжати давлат ижрочиси иш юритувида бўлса, ижро усулини гаров билан таъминлашга ўзгартириш учун судга мурожаат қилинади. Аризага гаров шартномаси, қарздорлик мавжуд эмаслиги ҳақидаги маълумотнома ва умумий тартибда тўлашга тўсқинлик қиладиган ҳолатларни тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади.

Четга чиқишга қўйилган чекловни бекор қилиш

Алиментнинг олдиндан тўланиши ёки алимент мажбуриятини таъминлаш учун гаров шартномаси тузилиши қарздорга нисбатан аввал белгиланган Ўзбекистон Республикасидан чиқишга доир вақтинчалик чекловни бекор қилиш учун асос бўлади.

Алимент тўлиқ тўланганидан ёки тегишли гаров шартномаси тақдим этилганидан кейин давлат ижрочиси чиқиш чеклови бекор қилингани ҳақида қарздорни, ички ишлар органларини ва Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларини кейинги кундан кечиктирмай ёзма ёки электрон шаклда хабардор қилади.

Агар чиқишга доир вақтинчалик чеклов суд ҳужжати асосида қўйилган бўлса, чеклов суд томонидан бекор қилинади.

Алимент олдиндан тўланган даврда мажбурий ижро ҳаракатлари амалга оширилмайди, аммо ижро иши автоматик равишда тамомланмайди. Олдиндан тўланган давр тугагач, алимент тўлаш умумий тартибда давом эттирилади.

Chat