
Алимент миқдорини ўзгартириш асослари
Агар алимент миқдори суд томонидан белгиланганидан кейин тарафлардан бирининг моддий ёки оилавий аҳволи ўзгарса, суд алимент тўловчи ёки алимент олувчининг талаби бўйича белгиланган алимент миқдорини ўзгартириши ёхуд алимент тўлаши шарт бўлган шахсни алимент тўлашдан озод қилиши мумкин.
Бундай масалани ҳал қилишда суд тарафларнинг моддий ва оилавий аҳволидан ташқари, эътиборга лойиқ бошқа манфаатларини ҳам ҳисобга олади. Жумладан, даромаднинг жиддий камайиши ёки кўпайиши, меҳнат қобилиятининг йўқотилиши ёхуд тикланиши, янги боқиманда шахсларнинг пайдо бўлиши, боланинг алимент тўловчи тарбияси ва таъминотига ўтиши каби ҳолатлар баҳоланиши мумкин.
Мазкур ҳолатларнинг мавжудлиги алимент миқдори автоматик равишда ўзгаришини англатмайди. Алимент миқдори фақат суд қарори асосида ўзгартирилади.
Судга мурожаат қилиш тартиби
Алимент миқдорини ўзгартириш ёки алимент тўлашдан озод қилиш ҳақидаги даъво жавобгар доимий яшайдиган ёки доимий машғул бўлган жойдаги фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман ёки шаҳар судига берилади.
Агар алимент бир нечта суд ҳужжати асосида турли шахсларга тўланаётган бўлса, алимент олувчиларнинг барчаси ишда иштирок этиш учун жалб қилиниши лозим.
Бола алимент тўловчининг тарбияси ва таъминотига ўтган, аммо алимент олувчи ундиришдан воз кечмаган бўлса, келгуси алимент тўловларидан озод қилиш масаласи алимент тўловчининг даъвоси асосида суд томонидан ҳал қилинади.
Даъвога илова қилинадиган ҳужжатлар
Даъвога, иш ҳолатидан келиб чиқиб, қуйидаги ҳужжатлар илова қилиниши мумкин:
Суд тақдим этилган ҳужжатларни алоҳида эмас, балки ишнинг барча ҳолатлари билан биргаликда баҳолайди.
Нотариал келишув бўйича алимент миқдорини ўзгартириш
Алимент нотариал тасдиқланган келишув асосида тўланаётган бўлса, келишув тарафларнинг ўзаро розилиги билан исталган вақтда ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин. Ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳам асосий келишув каби нотариал шаклда расмийлаштирилади.
Келишувни бир тарафлама рад этиш ёки унинг шартларини бир тарафлама ўзгартиришга йўл қўйилмайди. Тарафларнинг моддий ёки оилавий аҳволи жиддий ўзгарган ва улар келишувни ўзгартириш ёхуд бекор қилиш бўйича келиша олмаган тақдирда, манфаатдор тараф судга мурожаат қилиши мумкин.
Янги алимент миқдорининг қўлланилиши
Суд томонидан камайтирилган ёки кўпайтирилган алимент миқдори янги суд қарори қонуний кучга кирган кундан бошлаб қўлланилади.
Суд қарори қонуний кучга киргунига қадар алимент аввал белгиланган миқдорда тўланиши керак. Алимент миқдорининг кейинчалик ўзгартирилиши аввал вужудга келган қарзни автоматик равишда бекор қилмайди.
Алимент миқдорини камайтириш тўғрисидаги даъвонинг баҳоси камайтирилаётган тўловлар суммасидан келиб чиқиб, кўпи билан бир йиллик давр учун белгиланади. Алимент тўлашдан озод қилиш тўғрисидаги даъвонинг баҳоси эса қолган тўловлар суммаси бўйича, бироқ кўпи билан бир йиллик давр учун ҳисобланади.