Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 38967 марта ўқилди

Ким тиббиёт фаолияти билан шуғулланиши мумкин?

Ўзбекистонда тиббиёт ва фармацевтика фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқига олий ёки ўрта махсус тиббиёт таълим муассасасини тамомлаб, тегишли диплом олган шахслар эга. Хорижда олинган тиббий маълумот асосида ишлаш қонунчиликда белгиланган тартибга мувофиқ амалга оширилади.

Ўз мутахассислиги бўйича 3 йилдан ортиқ ишламаган тиббиёт ёки фармацевтика ходими касбий фаолиятини қайта бошлашдан олдин қайта тайёргарликдан ўтиши ёки Соғлиқни сақлаш вазирлигининг аттестация комиссияси аттестациясидан ўтиши лозим.

Оилавий шифокор қандай вазифани бажаради?

Бирламчи тиббий ёрдамда бемор, қоида тариқасида, оилавий шифокор кўригидан ўтади. Зарур бўлса, оилавий шифокор беморни тор соҳа мутахассисига, қўшимча текширувга ёки кейинги босқичдаги тиббий ёрдамга йўналтиради.

Давлат бюджети ҳисобидан режали тиббий ёрдам олиш тартибида бемор ўзи бириктирилган муассасада оилавий шифокор кўригидан ўтгач, белгиланган ҳолатларда бир иш кунида туман ёки шаҳар даражасидаги тор соҳа мутахассиси кўригига йўналтирилади.

Шошилинч ҳолатда тиббиёт ходимининг мажбурияти қандай?

Тиббиёт ва фармацевтика ходимлари фуқароларга шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиши шарт. Шошилинч ёрдам кўрсатишдан бўйин товлаш қонунчиликда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин.

Бемор ҳақидаги маълумот сир сақланадими?

Фуқаронинг тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилганлиги, соғлиғининг ҳолати, ташхиси, текширув ва даволаш жараёнида олинган маълумотлар шифокор сирини ташкил этади.

Бундай маълумотларни бемор ёки унинг қонуний вакили розилигисиз ошкор қилишга фақат қонунда махсус кўрсатилган ҳолларда йўл қўйилади.

Тиббиёт ходимлари профессионал уюшмалар тузиши мумкинми?

Ҳа. Тиббиёт ва фармацевтика ходимлари ўз касбий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, тиббий амалиётни ривожлантириш ва касбий масалаларни ҳал этиш мақсадида ихтиёрий профессионал уюшмалар ва бошқа жамоат бирлашмалари тузиш ҳуқуқига эга.

Chat