Бемор аввал ўзи бириктирилган бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасасига мурожаат қилиб, оилавий шифокор кўригидан ўтади.
Стационар даволанишга кўрсатма бўлса, оилавий шифокор ёки тор соҳа мутахассиси электрон ахборот тизими орқали электрон йўлланма беради.
Электрон йўлланма — беморга муайян касаллик бўйича давлат ёки белгиланган ҳолларда нодавлат тиббиёт ташкилотида режали стационар ёрдам олиш имконини берувчи QR-кодга эга ҳужжат.
Йўлланма маълумотлари электрон ахборот тизими орқали тасдиқланади.
Давлат тиббий суғуртаси механизмлари жорий этилган ҳудудларда бемор белгиланган тартибда ҳудудий жойлашувидан қатъи назар тегишли тиббиёт муассасасини танлаш имкониятига эга.
Ҳудуд ёки республика даражасидаги стационар ёрдам талаб этилганда эса касаллик ва имтиёз тоифасига қараб тегишли тиббий-танлов комиссиясининг электрон хулосаси талаб қилиниши мумкин.
Ҳа. Шошилинч ва кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдамга электрон йўлланма бўйича режали ётқизиш тартиби татбиқ этилмайди.
Шу сабаб беморнинг ҳаёти ёки соғлиғига жиддий хавф туғдирадиган шошилинч ҳолатда аввал режали йўлланма олиш талаб қилинмайди.
Бемор режали тиббий ёрдам учун тегишли йўлланмасиз ўз хоҳиши билан бевосита тиббиёт муассасасига мурожаат қилса, хизмат пулли асосда кўрсатилиши мумкин. Шошилинч ва кечиктириб бўлмайдиган ёрдам бундан мустасно.