Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 22562 марта ўқилди

Қачон тиббий хизмат пулли бўлади?

Бемор режали тиббий ёрдам олиш учун тегишли йўлланмасиз, ўз хоҳиши билан бевосита давлат тиббиёт муассасасига мурожаат қилса, тиббий ёрдам пулли асосда кўрсатилади.

Шошилинч ва кечиктириб бўлмайдиган тез тиббий ёрдам бундан мустасно.

Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида давлат томонидан кафолатланган пакетга кирмаган тиббий хизматлар ҳам қўшимча хизмат ҳисобланади ва пулли кўрсатилади.

Бепул хизмат ўрнига пулли хизмат мажбуран таклиф қилиниши мумкинми?

Пулли хизматларни ташкил этиш кафолатланган пакет доирасида бепул кўрсатиладиган тиббий хизматларнинг:

  • ҳажмига;
  • сонига;
  • сифатига салбий таъсир қилмаслиги керак.

Бепул тиббий хизматларни кўрсатишнинг устуворлиги сақланиши шарт.

Хизмат нархини олдиндан билиш мумкинми?

Тиббиёт муассасасининг кириш қисмида пулли хизматлар бўйича ахборот бурчаги, тўлов кассаси ва хизматлар нархи бўйича тасдиқланган ҳисоб-китоблар мавжуд бўлиши керак.

Бемор тасдиқланган нархнома бўйича ҳақ тўлаганидан кейин мутахассис кўригига ёки инструментал-лаборатор текширувга йўналтирилади.

Стационар пулли даволанишда шартнома тузиладими?

Ҳа. Стационар шароитида пулли тиббий хизмат кўрсатилганда шартнома икки ёки уч нусхада тузилади.

Уни бемор, тўловни бошқа шахс амалга оширса ҳомий (тўловчи) ҳамда тиббиёт муассасасининг ваколатли шахси имзолайди. Шартноманинг бир нусхаси беморга ёки тўловчига берилади.

Дори, овқат ва тиббий жиҳозлар қандай ҳисобланади?

Пулли стационар хизматда овқатланиш, дори воситалари ва тиббий жиҳозлар беморга амалда фойдаланилган ҳажмда ҳисоб-китоб учун тақдим этилади.

Агар кўрсатилган тиббий хизмат ёки мутахассиснинг нотўғри ташхиси ва ҳаракатлари оқибатида асорат келиб чиқса, уни даволаш харажатлари тиббиёт муассасасининг ўз маблағлари ҳисобидан қопланади.

Шифохонадан чиқишда қандай ҳисоб-китоб қилинади?

Бемор шифохонадан чиқиш вақтида бажарилган ишлар далолатномаси асосида якуний ҳисоб-китоб қилади ва унга далолатноманинг нусхаси берилади.

Тиббиёт муассасаси билан бемор ўртасида низо келиб чиқса, у аввало келишув йўли билан, келишувга эришилмаса суд тартибида ҳал этилади.

Chat