Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 27609 марта ўқилди

Стационар тиббий ёрдам — беморни кечаю кундуз тиббий кузатиш, даволаш ва зарур ҳолларда парвариш қилиш шароитида кўрсатиладиган тиббий ёрдам.

Режали стационар даволаниш қандай бошланади?

Давлат бюджети ҳисобидан режали стационар ёрдам олиш учун бемор аввало ўзи бириктирилган бирламчи тиббий-санитария муассасасига мурожаат қилади.

Оилавий шифокор беморни кўрикдан ўтказади ва тиббий кўрсатма бўлса, бир иш кунида туман ёки шаҳар даражасидаги тор соҳа мутахассисига йўналтиради. Тор соҳа мутахассиси ҳам беморни бир иш кунида клиник протоколлар асосида кўрикдан ўтказади.

Стационарга йўлланма қандай берилади?

Агар беморга стационар даволаниш зарур бўлса, белгиланган тартибда электрон йўлланма шакллантирилади.

Йўлланма — муайян касаллик бўйича давлат ёки нодавлат тиббиёт ташкилотида режали стационар даволаниш имконини берувчи QR-кодли ҳужжат.

Ҳудуд ёки республика даражасида даволаш зарур бўлган ҳолларда бемор маълумотлари электрон тизим орқали тегишли тиббий-танлов комиссиясига юборилади.

Тиббиёт ташкилотини танлаш мумкинми?

Белгиланган ҳолларда бемор ёки унинг қонуний вакили Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси билан шартнома тузган ташкилотлар орасидан ташхисга мос давлат ёки нодавлат тиббиёт ташкилотини танлайди.

Ташкилотни танлаш учун 30 кун берилади. Танланган тиббиёт ташкилоти беморни йўлланмада белгиланган муддатда, тартиб схемаси бўйича 60 кунгача бўлган муддатда қабул қилади.

Йўлланмасиз борилса нима бўлади?

Бемор режали тиббий ёрдам учун тегишли йўлланмасиз тиббиёт ташкилотига бевосита мурожаат қилса, хизмат пулли асосда кўрсатилади.

Эслатма: бу қоида шошилинч ва кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдамга татбиқ этилмайди.

Бола билан оила аъзоси шифохонада қолиши мумкинми?

3 ёшга тўлмаган бола стационарда даволанаётганда уни бевосита парваришлаётган ота, она ёки бошқа оила аъзосига бола билан бирга бўлиш имконияти яратилади ва меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилади.

Бу ҳуқуқ шифокор хулосасига кўра қўшимча парваришга муҳтож бўлган каттароқ ёшдаги оғир касал болага ҳам татбиқ этилади.

Chat