Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 17866 марта ўқилди

Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини мажбурий ижро этиш Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси томонидан амалга оширилади.

Тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари:
  • ижро иши юритиш материаллари билан танишиш;
  • улардан кўчирмалар, нусхалар олиш, қўшимча материаллар тақдим этиш;
  • илтимосномалар бериш, ижро ҳаракатларини амалга оширишда иштирок этиш;
  • ижро ҳаракатлари жараёнида оғзаки ва ёзма тушунтиришлар бериш;
  • ижро иши юритилиши давомида пайдо бўладиган масалалар юзасидан ўз важлари ва фикр-мулоҳазаларини билдириш;
  • ижро иши юритишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг илтимосномалари, важлари ва фикр-мулоҳазаларига қарши эътироз билдириш, рад қилиш;
  • давлат ижрочисининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш.

Ижро иши юритишда иштирок

Жисмоний шахслар ижро иши юритишда мустақил равишда ёки вакиллари орқали иштирок этишлари мумкин.

Ижро иши юритишда жисмоний шахснинг шахсан иштирок этиши уни вакилга эга бўлиш ҳуқуқидан маҳрум этмайди. Агар ижро ҳужжати бўйича қарздор зиммасига фақат унинг ўзи шахсан ижро этиши мумкин бўлган мажбуриятлар юклатилган бўлса, шунингдек ижро ҳужжатининг хусусияти ундирувчининг шахсан иштирокини талаб қилган ҳолларда уларни ижро этишда қарздор ёки ундирувчи ўз вакили орқали ҳаракат қилишга ҳақли эмас.

Юридик шахслар ижро иши юритишда мустақил равишда ёки вакиллари орқали иштирок этишлари мумкин.

Юридик шахснинг номидан иштирок этувчи шахсларда ўз ваколатларини тасдиқловчи ҳужжатлар бўлиши шарт.

Ижро ҳаракатларини кейинга қолдириш

Ижро ҳаракатларини амалга оширишга тўсқинлик қиладиган ҳолатлар бўлганда, ижро кечиктирилиши ёки бўлиб-бўлиб ижро этилиши ҳамда ижро этиш усули ва тартиби ўзгартирилиши мумкин. Бунга давлат ижрочисининг ташаббуси, тарафлардан бири ёки тарафларнинг ҳар бирининг суд ёки бошқа органга берган аризаси асос бўлади.

Қарздорнинг ҳисобварақларига қўйилган хатлов кечиктириш муддатига олиб ташланиши мумкин.

Ижро ҳужжати бўлиб-бўлиб ижро этилганда, белгиланган қисм ва муддатлар бўйича амалга оширилади.

Қарздор жисмоний шахснинг Ўзбекистондан чиқишини вақтинча чеклаш

Ижро ҳужжатидаги талаблар қарздор томонидан узрсиз сабабларга кўра ижро этилмаганда, давлат ижрочиси ундирувчининг аризаси бўйича ёки ўз ташаббуси билан қарздорни Ўзбекистон Республикасидан чиқишини вақтинча чеклаш тўғрисида қарор чиқаришга ҳақли.

Мазкур қарорнинг кўчирма нусхалари қарздор жисмоний шахсга, ички ишлар органларининг кириш, чиқиш ва фуқаролик бўлимига ҳамда Давлат чегарасини қўриқлаш органларига юборилади.

Вояга етмаган болалар таъминоти учун алиментлар олдиндан тўланган ёки алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш учун гаров шартномаси тузилган бўлса, давлат ижрочиси тўлов ёки гаров шартномаси тўғрисидаги тегишли ҳужжат олинган куннинг эртасидан кечиктирмасдан манфаатдор шахсларни, ички ишлар органларини ва Давлат чегарасини қўриқлаш органларини қарздор жисмоний шахснинг Ўзбекистон Республикасидан чиқишини чеклаш олиб ташланганлиги тўғрисида ёзма ёки электрон шаклда хабардор қилади.

Chat