Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 22996 марта ўқилди

Субсидия олиш шартлари

Ипотека кредити бўйича субсидия Ўзбекистон Республикасининг 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган фуқароларига берилади. Ариза берувчи ижтимоий мезонлар бўйича камида 30 балл тўплаши ҳамда иштирок этувчи банклардан камида биттасининг кредит сиёсати талабларига жавоб бериши керак.

Ариза берувчи ва унинг турмуш ўртоғи номида республика ҳудудида тўлиқ мулк ҳуқуқи билан уй-жой мавжуд бўлмаслиги лозим.

Даромад миқдори:

  • Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда — МҲТЭКМнинг 2,7 бараваридан 8 бараваригача;
  • Тошкент шаҳрида — МҲТЭКМнинг 2,7 бараваридан 9,2 бараваригача бўлиши керак.

Бир оилага — эр ёки хотиндан бирига — субсидия фақат бир марта берилади.

Мурожаат қилиш тартиби

Ариза давлат дастурида белгиланган қабул муддатларида исталган Давлат хизматлари маркази ёки ЯИДХП — my.gov.uz орқали берилади. Давлат хизмати бепул кўрсатилади.

Субсидия асосан бирламчи уй-жой бозоридаги, камида 4 қаватли янги кўп квартирали уйдан квартира сотиб олиш учун берилади. Якка тартибдаги уй-жойни қуриш ёки реконструкция қилиш учун олинган ипотека кредитининг фоиз харажатларини қоплашга ҳам субсидия ажратилиши мумкин.

Бошланғич бадал уй-жой қийматининг камида 15 фоизини ташкил этади. Шундан камида 5 фоизи қарз олувчининг ўз маблағи бўлиши шарт. Фоиз тўловларининг бир қисми ипотека кредитининг дастлабки 5 йили давомида қопланади.

Субсидия хабарномаси олингандан кейин банкка хабарнома, уй-жой бўйича дастлабки шартнома, ўз маблағлари мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжат ва банк талаб қилган бошқа кредит ҳужжатлари топширилади.

Муҳим: субсидия хабарномаси ипотека кредити албатта берилишини англатмайди. Банк қарз олувчининг тўлов қобилияти ва кредит тарихини мустақил баҳолайди. Ариза берувчи 30 ва ундан ортиқ балл тўплаган бўлса ҳам, йиллик субсидиялар сони тугаганида субсидия рад этилиши мумкин.

Норматив ҳужжатлар

  1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 25 мартдаги 182-сон қарори
Chat