Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 30539 марта ўқилди

Мурожаатнинг уч тури

Қонунга кўра мурожаатлар:

ариза;

таклиф;

шикоят тарзида бўлиши мумкин.

Улар оғзаки, ёзма ёки электрон шаклда берилишидан қатъи назар бир хил юридик аҳамиятга эга.

Ариза

Ариза — шахснинг ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ёки қонуний манфаатларини амалга оширишда ёрдам сўраб қилган мурожаати.

Масалан, маълум хизматни кўрсатиш, ҳуқуқни амалга ошириш учун рухсат ёки ҳужжат олиш, муайян масалани ҳал этишда амалий ёрдам сўраш мазмунидаги мурожаат ариза бўлиши мумкин.

Таклиф

Таклиф — давлат ва жамият фаолиятини яхшилаш юзасидан тавсия ва ташаббусларни ўз ичига олган мурожаат.

Бунда шахс ўзининг бузилган ҳуқуқини тиклашни эмас, балки муайян тизим, тартиб, хизмат ёки фаолиятни такомиллаштиришни таклиф қилади.

Шикоят

Шикоят — бузилган ҳуқуқ, эркинликни тиклаш ёки қонуний манфаатни ҳимоя қилиш талаб қилинган мурожаат.

Масалан, давлат органининг қароридан, мансабдор шахснинг ҳаракати ёки ҳаракатсизлигидан норози шахс тегишли юқори турувчи орган ёки бошқа ваколатли органга шикоят қилиши мумкин.

Эслатма: мурожаатчи ўз хатига нотўғри ном қўйгани — масалан, «ариза» деб ёзиб, мазмунан шикоят бергани — мурожаатни рад қилиш учун ўз-ўзидан асос бўлмайди. Қонунга кўра мурожаатлар шакли ва туридан қатъи назар бир хил аҳамиятга эга.

Қанча вақтда кўриб чиқилади

Ариза ва шикоят масалани ҳал қилиши керак бўлган органга келиб тушган кундан бошлаб, қоида тариқасида, 15 кун ичида кўриб чиқилади.

Қўшимча ўрганиш, текшириш ёки қўшимча ҳужжатлар талаб этилса, муддат 1 ойгача бўлиши мумкин. Истисно ҳолларда раҳбар муддатни яна кўпи билан бир ойга узайтириши мумкин ва бу ҳақда мурожаатчига хабар берилади.

Таклифлар, қоида тариқасида, 1 ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилади. Қўшимча ўрганиш талаб қилинса, бу ҳақда таклиф киритган шахсга 10 кун ичида хабар берилади.

Кимга юборилади

Мурожаат ундаги масалани ҳал қилиш ваколатига эга давлат органи, ташкилот ёки мансабдор шахсга юборилади.

Шахс мурожаатни ўзи бериши, вакил орқали тақдим этиши, почта ёки электрон шаклда юбориши мумкин.

Chat